Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Танзания парламентларида ҳамкорлик гуруҳлари тузилади

Ўзбекистон ва Танзания парламентларида ҳамкорлик гуруҳлари тузилади
Ўзбекистон ва Танзания парламентларида ҳамкорлик гуруҳлари тузилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Танзанияда бўлиб ўтаётган Парламентлараро Иттифоқнинг 153-Ассамблеяси доирасида Танзания Бирлашган Республикаси Миллий ассамблеяси Спикери Мусса Аззан Зунгу билан учрашди.

Томонлар Ўзбекистон ва Танзания ўртасидаги сиёсий ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув давомида Танзила Нарбаева танзаниялик томонни Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида хабардор қилди. Хусусан, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ва иқтисодиётни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Танзания ўртасида дипломатик муносабатларни ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма коммюнике лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Танзания Миллий ассамблеяси Спикери ҳужжатни қабул қилиш жараёнини жадаллаштиришга фаол кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Ҳужжат қабул қилингач, икки мамлакат ўртасида парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш учун ҳуқуқий ва сиёсий асос яратилади.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва Танзания парламентлари ўртасидаги алоқаларни изчил ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Парламентлараро мулоқотни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш мақсадида икки мамлакат парламентларида ҳамкорлик гуруҳларини тузиш бўйича келишувга эришилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.