Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон бизнес-омбудсмани Тошкентда бўлиб ўтган «Бизнесда ҳалоллик» мавзусидаги V халқаро форум доирасида АҚШ элчиси Жонатан Хеник билан учрашув ўтказди.
Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш шарт-шароитлари, шунингдек, тадбиркорлар ва инвесторларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини муҳокама қилди.
Бизнес-омбудсман Ўзбекистонда фаолият юритаётган инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда Бизнес-омбудсман аппарати ва АҚШ элчихонаси ўртасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, АҚШ Кичик бизнес маъмурияти ҳузуридаги Миллий омбудсман бошқармасининг тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва давлат томонидан тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш борасидаги тажрибасини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар америкалик бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, амалий тажриба алмашиш, инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.