Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Вашингтон шаҳридаги АҚШ Конгрессида Ўзбекистон элчихонаси республика билан ҳамкорлик бўйича парламент кокуси аъзолари билан биргаликда ташкил этган «Ўзбекистон куни» тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати хабар берди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси, америкалик сенаторлар ва конгрессменлар, Республикачилар ва Демократик партиялар вакиллари, ишбилармон доиралар, дипломатик ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Содиқ Сафоев Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди. Унда давлат раҳбари мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотлар ортга қайтмас тус олганини, АҚШ билан стратегик шерикликни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади.
Мурожаатда, шунингдек, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришда олий даражадаги мунтазам мулоқотнинг аҳамияти қайд этилди.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус ҳамраиси, конгрессмен Трент Келли Шавкат Мирзиёевга мурожаати учун миннатдорлик билдирди.
Марказий Осиё бўйича кокус ҳамраиси, сенатор Стив Дэйнс Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотларни эътироф этди.
Тадбир ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш учун мулоқот майдони бўлди. Унда америкалик қонун чиқарувчилар, бизнес вакиллари ва экспертларнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган қизиқиши ҳам намоён бўлди.