7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Швеция меҳнат мобиллиги бўйича пилот лойиҳани муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Швеция меҳнат мобиллиги бўйича пилот лойиҳани муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Швеция меҳнат мобиллиги бўйича пилот лойиҳани муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Швеция ўзбекистонликларни қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва тиббиёт соҳаларида уюшган ҳолда ишга жойлаштириш механизмларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.

Музокаралар 12 ноябрь куни меҳнат мобиллиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича пилот лойиҳа (PMMP) доирасида қўшма бошқарув қўмитасининг биринчи йиғилишида бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Миграция агентлиги, Швеция Миграция агентлиги, икки мамлакатнинг дипломатик идоралари ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) вакиллари иштирок этди.

Томонлар ҳамкорликнинг истиқболли учта устувор йўналишини белгилаб олди. Биринчи йўналиш қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, шунингдек, туризм соҳаларида мавсумий бандликни назарда тутади.

Иккинчи йўналиш пайвандчилар ва қурилишнинг айрим касблари вакилларини ўз ичига олган малакали ишчи мутахассисликларини қамраб олади. Учинчи йўналиш эса тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва кейинчалик ишга жойлаштиришга тааллуқли.

Дастлабки мўлжал сифатида 100 нафаргача мавсумий ишчи, 50 нафар пайвандчи ва 100 нафар тиббиёт мутахассисидан иборат гуруҳлар муҳокама қилинди. Ҳозирча бу кўрсаткичлар тасдиқланган квоталар ёки иш берувчиларнинг мажбуриятлари ҳисобланмайди.

Миграция агентлиги директори Беҳзод Абдураҳмонов умумий дастурни ишлаб чиқиш билан бир қаторда, аниқ пилот гуруҳларини шакллантиришга киришишни таклиф қилди. Бунинг учун томонлар тўрт-бешта устувор касбни белгилаб, иш берувчиларнинг эҳтиёжлари, малака ва тил талаблари, шунингдек, номзодларни тайёрлаш муддатларини келишиб олишни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон мутахассисларни дастлабки саралаш, касбий ва тил бўйича ўқитишни ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Зарур ҳолларда хорижлик инструкторларни жалб қилиш ва бўлажак иш берувчилар иштирокида малака синовларини ўтказиш режалаштирилмоқда.

Томонлар тиббиёт кадрларини тайёрлаш масаласини Швециянинг Сёрмланд минтақаси мисолида алоҳида кўриб чиқди. Унда ўзбекистонлик номзодлар аввал мамлакатимизда швед тилини B2 даражасигача ўрганиши, кейин эса Швецияда C1 даражасигача таълим олишини назарда тутувчи модель муҳокама қилинди.

C1 даражаси касбий сертификатлаш талабларини бажариш учун зарур. Бироқ тиббиёт ходимларини ишга жалб қилиш бўйича алоҳида дастур ҳозирча келишилмаган.

ХМТ қўшма ниятлар декларацияси доирасида лойиҳани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади. Иштирокчилар, шунингдек, номзодларни шаффоф саралаш, иш берувчилар эҳтиёжларини текшириш, ноқонуний ишга жойлаштириш ва инсофсиз воситачиликнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилди.

Кейинги режалардан бири Швеция иш берувчилари, тармоқ бирлашмалари ва Ўзбекистоннинг лицензияга эга хусусий бандлик агентликлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишдан иборат. Шунингдек, Швеция компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга танишув ташрифини ташкил этиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.

2027 йил бошида икки мамлакат рекрутинг компаниялари ўртасида учрашувлар ўтказилиши мумкин. Иш берувчилар томонидан талаб мавжудлиги тасдиқланса, томонлар ишга жойлаштиришнинг кейинги босқичларига ўтиш учун номзодларнинг дастлабки гуруҳларини тайёрлашни режалаштирмоқда.

Иштирокчилар тадбирлар режаси устида ишлашни давом эттириш ва мунтазам онлайн маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олди.

Бошқарув қўмитасининг навбатдаги юзма-юз йиғилиши 2027 йил январь ойи охирида Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.