Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Туркияда фирибгарликда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси ушланди ва мамлакатга қайтарилди.
Операция икки давлат ички ишлар вазирликлари кўмагида ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, ушланган шахс 1991 йилда туғилган М. Н. бўлиб, у фуқароларнинг ишончига кириб, улар билан биргаликда бизнес юритиш баҳонасида йирик миқдордаги пул маблағларини қўлга киритганликда гумон қилинмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг фирибгарлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 168-моддаси учинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари бошқа қидирувдаги шахсларнинг қаердалигини аниқлаш, уларни қўлга олиш ва Ўзбекистонга қайтариш бўйича ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Бош консулхонада таъкидланишича, одил судловдан қочиш мақсадида хорижда бўлиш жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.