Спорт

Бегмуратов тезкор шахмат бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди

Бегмуратов тезкор шахмат бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди
Бегмуратов тезкор шахмат бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди / Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик шахматчи Ҳумоюн Бегмуратов Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида ўтказилаётган 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида тезкор шахмат бўйича FIDE жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди.

Ўзбекистон терма жамоаси яна икки кумуш медални ҳам қўлга киритди: Умида Омонова қизлар ўртасида рапид йўналишида, Афруза Ҳамдамова эса блиц мусобақасида иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) ва Ўзбекистон шахмат федерацияси хабар берди.

Бегмуратов очиқ турнирнинг тўққизта турини мағлубиятсиз якунлаб, 7,5 очко тўплади. Унинг ҳисобида олтита ғалаба ва учта дуранг бор.

Кумуш медаль ҳиндистонлик Пранав В.га, бронза эса Озарбайжон вакили Раад Самадовга насиб этди. Ҳар икки шахматчи 7 очкодан жамғарди, якуний ўринлар эса қўшимча кўрсаткичлар асосида тақсимланди.

Қизлар ўртасида рапид бўйича Нидерландия вакили Элине Руберс 9 имкониятдан 7 очко тўплаб, жаҳон чемпиони бўлди. Умида Омонова ва FIDE байроғи остида иштирок этган Марина Кузнецова 6,5 очкодан жамғарди. Бироқ қўшимча кўрсаткичларга кўра, кумуш медаль Ўзбекистон вакилига берилди, Кузнецова эса учинчи ўринни эгаллади.

Блиц мусобақаси 13 турдан иборат бўлди. Афруза Ҳамдамова 9,5 очко тўплаб, қизлар ўртасида иккинчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон шахмат федерацияси ушбу медални спортчининг халқаро майдондаги навбатдаги муваффақияти сифатида баҳолади. Умида Омонова 8,5 очко билан олтинчи ўринни эгаллади, Нилуфархон Имомқўзиева эса 7 очко тўплади.

Блиц бўйича очиқ турнирда Ҳумоюн Бегмуратов ва Муҳаммадзоҳид Суяров 9 очкодан жамғариб, мос равишда саккизинчи ва тўққизинчи ўринларни эгаллади. Музаффаржон Абдурасулов ҳисобида 7 очко, Усмонхон Тоҳиржонов ҳисобида эса 6,5 очко бор.

Ўсмирлар ўртасида тезкор шахмат ва блиц бўйича жаҳон чемпионатлари 1–7 ноябрь кунлари Ал-Айн шаҳрида ўтказилмоқда. Тўртта жаҳон чемпиони унвони учун 40 мамлакатдан 185 нафар шахматчи баҳс олиб бормоқда.

Турнир FIDE эгидaси остида ва Zayed for Good жамғармаси раиси, Абу-Даби спорт кенгаши ҳомийси шайх Наҳаён бин Зоид Ол Наҳаён патронатида Al Ain Chess & Mind Games Club шахмат клуби ҳамда БАА шахмат федерацияси томонидан ташкил этилди.

Рапид мусобақасининг тўққизинчи, якуний турида рамзий биринчи юришни БАА ёшлар масалалари бўйича давлат вазири Султон бин Саиф Ал Наяди амалга оширди.

У Danat Al Ain Resort меҳмонхонасида ўтказилган тақдирлаш маросимида ғолибларга мукофотларни ҳам топширди.

Ал-Айн шаҳрига 2026 йилда араб туризми пойтахти мақоми берилгани муносабати билан ташкилотчилар энг яхши араб шахматчиларини ҳам тақдирлади. Улар қаторига мисрлик Абдулраҳмон Самеҳ Муҳаммад ва БАА вакили Рауда Исса Алсеркал кирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.