Ўзбекистон

Ўзбекистонда 169 та ерости участкаси 446 млрд сўмга сотилди

Ўзбекистонда 169 та ерости участкаси 446 млрд сўмга сотилди
Ўзбекистонда 169 та ерости участкаси 446 млрд сўмга сотилди / Фото: Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йил январь–октябрь ойларида онлайн-аукционлар орқали жами 446 млрд сўмлик 169 та кон ва истиқболли ерости участкаси сотилди. Ушбу даврда савдога жами 303 та объект чиқарилган.

Бу маълумотларни Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси вакиллари ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган матбуот анжуманида тақдим этди.

Йилнинг дастлабки ўн ойида ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун 432 та рухсатнома расмийлаштирилди. Яна 50 та рухсатнома фойдали қазилмаларни қўл меҳнати усулида қазиб олиш учун берилди. Геология лойиҳалари ва техник-иқтисодий ҳужжатлар бўйича 331 та эксперт хулосаси тайёрланди.

Бундан ташқари, 42 минг гектар ер саноат ерлари тоифасига ўтказилиб, доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида Ер қаъридан фойдаланиш марказига берилди.

Давлат кадастрларининг ягона тизимига 2 427 та кон ва истиқболли участка ҳақидаги маълумотлар киритилди. Шунингдек, ерлардан шаҳарсозлик ва бошқа қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган мақсадларда фойдаланиш ҳамда қурилиш ишлари бўйича 20 мингта хулоса берилди.

Халқаро стандартларни жорий этиш доирасида 84 та хорижий ва халқаро стандарт давлат тилига таржима қилиниб, Стандартлар институтига топширилди. Ҳисобот даврида геологик ҳисоботлар ва маълумотларни тақдим этиш бўйича 1 908 та хизмат кўрсатилди, шунингдек, 125 та кон қайта хатловдан ўтказилди.

Front Office тизими орқали 169 та тадбиркорлик субъектига амалий ёрдам кўрсатилди. Колл-марказнинг 1356 қисқа рақамига 743 та мурожаат келиб тушди ва улар юзасидан мурожаат этувчиларга жавоблар берилди.

Рақамлаштириш соҳасида Geomonitoring ахборот тизими такомиллаштирилди. Бундан ташқари, аукционлар якунларига кўра айрим турдаги фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун рухсатномаларни расмийлаштириш Geomonitoring тизими билан интеграция қилинган licenses.uz платформаси орқали амалга ошириладиган бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.