Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 7 октябрь куни Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот ўтказди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбарининг маълум қилишича, суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида энергетика, инфратузилма ва рақамли технологиялар қайд этилди. Вазирлар, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқди.
Суҳбатнинг алоҳида мавзуси Яқин Шарқдаги вазият бўлди. Томонлар мавжуд муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал этиш, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Мулоқот якунида вазирлар ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатларни ривожлантиришни давом эттириш ва Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.