Молия

Ўзбекистонда экспортчиларнинг валюта тушумларини ҚҚС ҳисоботида акс эттириш автоматлаштирилди

Ўзбекистонда экспортчиларнинг валюта тушумларини ҚҚС ҳисоботида акс эттириш автоматлаштирилди
Ўзбекистонда экспортчиларнинг валюта тушумларини ҚҚС ҳисоботида акс эттириш автоматлаштирилди / Фото: Pixabay/benscripps..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда товарлар экспортидан тушадиган валюта тушумлари тўғрисидаги маълумотларни қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳисоботида автоматик тўлдириш йўлга қўйилди. Маълумотлар божхона органлари ахбороти асосида автоматик равишда келиб тушади. Бу ҳақда Ўзбекистон Солиқ қўмитаси хабар берди.

Ўзгаришлар ҚҚС ҳисоботининг 3-иловасидаги 060 ва 070-сатрларга, шунингдек, 6-иловадаги 01042-сатрга тааллуқли. Янгиланган механизмдан фойдаланиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетига ҚҚС ҳисоботининг 10006_47-сонли янги пакети жойлаштирилди.

Экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар экспорт операциялари, уларга тегишли юк божхона декларациялари ва валюта тушумлари ҳақидаги маълумотларни my.soliq.uz портали орқали текширишлари мумкин.

Бунинг учун «Хизматлар» бўлимига кириб, «Юридик шахслар учун юк божхона декларациялари» бандини танлаш, «Экспорт операциялари» бўлимига ўтиш ва «Экспорт операциялари ҳамда тўловлар тўғрисида умумий маълумот» хизматидан фойдаланиш лозим.

Агар валюта тушумлари тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ акс этмаса ёки техник носозликлар юзага келса, ИДН маълумотларидан фойдаланган ҳолда «Маълумотларни янгилаш» тугмаси орқали уларни янгилаш мумкин. Янгилаш Божхона қўмитасининг ахборот тизимлари билан интеграция асосида автоматик равишда амалга оширилади.

Солиқ қўмитаси экспортчиларга ҚҚС ҳисоботини тақдим этишдан олдин кўрсатилган хизмат орқали валюта тушумлари ҳақидаги маълумотларни текширишни тавсия қилмоқда.

Шу билан бирга, автоматик шакллантирилган маълумотларга тузатиш киритиш талаб этилмайдиган ҳолатларда амалдаги проактив ҳисобот шакли сақлаб қолинади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.