Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Минск автомобиль заводи (МАЗ) раҳбарияти билан Ўзбекистонда коммунал ва махсус техникалар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда сервис инфратузилмасини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳудуд делегацияси Беларусьга ишчи ташрифи доирасида мазкур корхонага борди. Ўзбекистон вакиллари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, саноат кооперациясини кенгайтириш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказди.
МАЗ бош директори Валерий Иванкович билан учрашувда Зоир Мирзаев корхонанинг Ўзбекистон бозоридаги фаоллигини қайд этди. Томонлар янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини йўлга қўйиш ва мавжуд саноат қувватларидан янада кенгроқ фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқди.
Муҳокаманинг асосий йўналишларидан бири Krantas бренди остида маҳсулот ишлаб чиқарувчи Nurafshon-maxsus-texnika заводида МАЗ техникасини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имконияти бўлди. Хусусан, чиқинди ташувчи машиналар, автоцистерналар ва кран-манипуляторлар ишлаб чиқариш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув иштирокчилари Тошкент вилояти шаҳарларида жамоат транспорти ва юк ташувчи автомобиллар паркини янгилаш истиқболларини ҳам кўриб чиқди. Транспорт воситаларини босқичма-босқич модернизация қилиш ва бир йўла тушадиган молиявий юкни камайтириш мақсадида техникани бўлиб тўлаш шарти билан сотиш ва лизинг асосида етказиб бериш вариантларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Автомобиль бутловчи қисмлари, жумладан, рама элементларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, томонлар техник мутахассисларни тайёрлаш, муҳандислик тажрибаси билан алмашиш, шунингдек, вилоятда МАЗ сервис маркази ва эҳтиёт қисмлар омборини очиш масалаларини муҳокама қилди.
2026 йил июль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳридаги Nurafshon-maxsus-texnika заводига ташриф буюрган эди. Корхона Krantas бренди остида махсус ва юк ташувчи транспорт воситалари, ҳарбий техника, тракторлар, автомобиль устқурмалари ва механизмларини ишлаб чиқаради.
Аввал эълон қилинган маълумотларга кўра, корхона лойиҳасининг қиймати 50 миллион долларни ташкил этган. Завод АҚШ, Германия, Италия, Швеция, Россия, Хитой ва Туркиядан келтирилган ускуналар билан жиҳозланган.