7
Иқтисод

Хорватия компаниялари Ўзбекистондан 100 нафаргача қурувчини ишга олмоқчи

Хорватия компаниялари Ўзбекистондан 100 нафаргача қурувчини ишга олмоқчи
Хорватия компаниялари Ўзбекистондан 100 нафаргача қурувчини ишга олмоқчи / Фото: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хорватиянинг Man Power ва Radnik d.d. компаниялари қурилиш ҳамда инфратузилма лойиҳаларига мутахассисларни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор.

Жумладан, Man Power дастлаб Ўзбекистондан 15–20 нафар фуқарони ишга қабул қилиш, кейинчалик эса ишчилар сонини 100 нафаргача етказиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Музокаралар Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Мухсинхўжа Абдураҳмоновнинг Хорватияга иш сафари доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.

Man Power 100 нафаргача мутахассисни жалб қилишни кўриб чиқмоқда

Man Power вакиллари билан темир йўл ҳамда бошқа инфратузилма объектлари қурилишига ўзбекистонлик мутахассисларни ишга жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Томонлар ишчиларни босқичма-босқич жалб қилиш моделини кўриб чиқди. Биринчи босқичда 15–20 нафар фуқарони ишга қабул қилиш, кейинчалик эса уларнинг сонини 100 нафаргача ошириш режалаштирилмоқда.

Radnik d.d. компанияси раҳбарияти ўзбекистонлик ишчиларнинг касбий маҳорати, меҳнатсеварлиги ва иш шароитларига тез мослаша олиш қобилиятига ижобий баҳо берди. Компания ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

Ташриф давомида делегация компаниянинг ўзбекистонлик фуқаролар меҳнат қилаётган қурилиш объектига бориб, улар билан суҳбатлашди.

Учрашувда меҳнат ва яшаш шароитлари, ишчилар ҳуқуқларига риоя этилиши ҳамда ижтимоий ҳимоя масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокараларда номзодларни касбий ва тил жиҳатидан тайёрлаш, уларнинг малакасини тан олиш, иш ҳақини расмий равишда тўлаш, шунингдек, меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Миграция агентлиги ўзбекистонлик мутахассислар билан Хорватиядаги ишончли иш берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижда қонуний ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришни мақсад қилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.