Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 8 октябрга ўтар кечаси Uzum Market ишида кенг кўламли техник носозлик юзага келиб, сотувчиларнинг шахсий кабинетлари, буюртмаларни олиб кетиш пунктлари ва омбор тизимларига таъсир кўрсатди. Деярли шу вақтнинг ўзида Yandex Cloud ўзининг булутли платформаси мавжудлик зоналаридан бирида электр таъминотида узилиш юзага келганини маълум қилди.
Uzum маълум қилишича, омборлар ва буюртмаларни қабул қилиш пунктларидаги техник муаммолар туфайли товарлар вақтинча қабул қилинмаган ва қайтарилган маҳсулотлар берилмаган. Компания ҳамкорлардан ҳозирча омборларга келмасликни сўради.
Компания маълум қилишича, носозлик туфайли қабул қилиш имкони бўлмаган барча етказиб беришларни жарима санкцияларисиз бошқа вақт оралиқларига кўчириш мумкин бўлади.
Uzum жамоаси юзага келган муаммодан хабардор эканини ва уни бартараф этиш устида ишлаётганини билдирди. Компания сервислар ишидаги кейинги ўзгаришлар ҳақида алоҳида маълумот беришини айтди.
Шу билан бирга, Yandex Cloud ru-central1-b мавжудлик зонасида электр таъминотида узилиш қайд этилганини маълум қилди. Бунинг оқибатида булутли сервисларнинг бир қисми ишламай қолди. Кейинроқ компания юкламани бошқа зоналарга ўтказганини билдирди. Шу билан бирга, ru-central1-b зонасининг ўзи ҳали ҳам ишламаётган, янги ресурсларни яратиш имконияти эса чекланган бўлиши мумкин эди.
Шу фон ортидан Яндекснинг дата-маркази жойлашган Рязань вилоятининг Сасово шаҳрида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Россия оммавий ахборот воситалари ёнғинни дронлар ҳужуми билан боғлади.
Яндекснинг ўзи Сасовода дата-маркази мавжудлигини тасдиқлайди ва унинг серверларида, хусусан, Yandex Cloud мижозлари ишлашини маълум қилган.
Сасоводаги ёнғин билан Uzum Market ишидаги техник носозлик ўртасидаги боғлиқлик ҳозирча тўғридан-тўғри тасдиқланмаган.