Иқтисод

Энергетика вазирлиги: L-503 электр узатиш тармоғида таъмирлаш ишлари кечаю кундуз давом этмоқда

Энергетика вазирлиги: L-503 электр узатиш тармоғида таъмирлаш ишлари кечаю кундуз давом этмоқда
Энергетика вазирлиги: L-503 электр узатиш тармоғида таъмирлаш ишлари кечаю кундуз давом этмоқда / Фото: Энергетика вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 

Тожикистон ҳудудидан ўтувчи 500 кВ кучланишли L-503 электр узатиш тармоғида авариядан кейинги тиклаш ишлари кечаю кундуз давом этмоқда. Энергетика соҳаси мутахассислари кучли шамол ва паст ҳароратга қарамай, тунги вақтда ҳам иш олиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.

Электр узатиш тармоғида авариявий ўчиш 19 ноябрь куни соат 06:19 да содир бўлган. L-503 тармоғи Сирдарё иссиқлик электр станциясидан Фарғона водийси ҳудудларига электр энергиясини узатишни таъминлайди.

Дастлабки маълумотларга кўра, аварияга электр узатиш тармоғи таянч устунларидан бирининг қулаб тушиши сабаб бўлган. У мураккаб рельефли, тепалик ҳудудда жойлашган. Устун шикастланиши ортидан автоматик ҳимоя тизими ишга тушган ва натижада ушбу тармоқ орқали электр энергиясини узатиш тўхтаган.

Авария айрим истеъмолчиларнинг электр таъминотида узилишларга сабаб бўлди. Таъмирлаш ишлари якунлангунига қадар Фарғона водийсининг айрим ҳудудларида электр энергияси етказиб бериш бўйича вақтинчалик чекловлар сақланиб қолмоқда.

Шу билан бирга, Фарғона вилояти Ново-Ангрен иссиқлик электр станциясидан электр энергиясини узатувчи 500 кВ кучланишли L-524 тармоғи орқали ҳам электр энергияси билан таъминланмоқда.

Энергетика вазирлиги маълум қилишича, таъмирлаш бригадалари мураккаб об-ҳаво шароитида ишларни давом эттирмоқда. Вазирлик тармоқни тиклаш жараёни ҳақида қўшимча маълумотларни улар келиб тушишига қараб тақдим этишини билдирган.

 

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.