Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистон «Аккую» АЭС қурилиши тажрибасини ўрганди

Ўзбекистон «Аккую» АЭС қурилиши тажрибасини ўрганди
Ўзбекистон «Аккую» АЭС қурилиши тажрибасини ўрганди / Фото: «Ўзатом» агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон делегацияси Туркияга амалга оширган ишчи ташрифи давомида «Аккую» атом электр станцияси қурилишида иштирок этаётган компаниялар тажрибасини ўрганди. Томонлар Ўзбекистонда атом саноати учун ускуналар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Ташриф мамлакат вакилларининг World Atomic Days халқаро форумидаги иштирокидан сўнг ташкил этилди. Дастур доирасида Туркия корхоналари билан учрашувлар ўтказилди ва «Аккую» АЭС қурилиш майдонига ташриф буюрилди.

AVAS Group офисида делегация компания раҳбарияти билан учрашиб, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш режалари билан танишди. Иштирокчилар «Атом-саноат» махсус саноат зонаси ҳудудида ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш ва маҳсулот етказиб беришни ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон вакиллари атом электр станциялари учун қувур арматуралари ва юритмалар ишлаб чиқарувчи VASTAŞ Valf заводига ташриф буюрдилар. Шунингдек, технологик ва муҳандислик ускуналарини ишлаб чиқарувчи ASOS Proses корхонаси фаолияти билан танишдилар.

«Аккую» АЭС жойлашган ҳудудда делегация «Озалтын Холдинг» компаниясининг муҳандислик ва қурилиш соҳасидаги тажрибасини ўрганди. Ўзбекистон вакиллари станция ходимлари учун барпо этилаётган турар жой мажмуасини кўздан кечириб, кейин қурилиш майдонига ташриф буюрдилар.

Ташриф доирасида тақдим этилган маълумотларга кўра, биринчи энергоблок ишга тушириш ишларига тайёргарликнинг якуний босқичида турибди. Блок қурилиши якунланган, контурларда гидравлик синовлар, шунингдек, ҳимоя қобиғининг герметиклиги ва мустаҳкамлиги бўйича текширувлар ўтказилган.

Қурилиш майдонида реактор қурилмасини совуқ ва иссиқ ҳолатда синовдан ўтказишга тайёргарлик ишлари давом этмоқда. Ташриф дастурига биринчи энергоблокнинг блок бошқарув пульти ва машина зали, электр энергиясини узатиш тизими, омбор ангар ҳамда вентиляция цехи билан танишиш ҳам киритилди.

Делегация Силифке шаҳридаги İncetcom корхонасига ҳам ташриф буюрди. Компания «Аккую» АЭС учун вентиляция, совитиш ва қувур тизимларини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ҳамда монтаж қилиш билан шуғулланади.

Ўзбекистон вакиллари корхонанинг «Атом-саноат» махсус саноат зонаси ҳудудида шунга ўхшаш ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда иштирок этиш имкониятларини баҳоладилар.

Учрашувлар якунида ташриф буюрилган компаниялар билан ҳамкорликни давом эттириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Томонлар ушбу компанияларни Ўзбекистонда ускуналар ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга жалб этиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Туркия тажрибасини ўрганиш атом саноати учун маҳаллий ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш ва Ўзбекистоннинг биринчи атом электр станцияси лойиҳаси доирасида маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.