Иқтисод

Ўзбекистон ва ХВЖ инвестициялар ҳамда ЖСТга аъзо бўлиш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ХВЖ инвестициялар ҳамда ЖСТга аъзо бўлиш масалаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва ХВЖ инвестициялар ҳамда ЖСТга аъзо бўлиш масалаларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Саидакбар Холхўжаев 19 ноябрь куни Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти маслаҳатчиси Яссер Абдиҳ билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Учрашувда ташқи савдони ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнининг бориши муҳокама қилинди.

2026 йил январь–октябрь ойлари якунларига кўра, Ўзбекистон экспорти махсус экспортни ҳисобга олмаган ҳолда 25,7 миллиард долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 33 фоизга кўп.

Ушбу даврда жалб қилинган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 49,5 миллиард долларга етди.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларида эришилган натижаларга ҳамда ушбу жараён доирасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар конструктив мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.