Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Global Olive Corporation компанияси зайтун етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов компания бош директори Георгий Сванидзе билан учрашув ўтказди.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг жорий ҳолати, Ўзбекистонда зайтунчиликни ривожлантириш ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилди.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири зайтун етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратиш этиб белгиланди.
Хусусан, учрашув иштирокчилари зайтун мойи ишлаб чиқариш инфратузилмасини яратиш, маҳсулот сифатини таъминлаш ва халқаро экспорт бозорларига чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ёш агрономлар ва хорижий мутахассислар ўртасида тажриба алмашинувини ташкил этиш, замонавий агротехнологияларни ўзлаштириш ҳамда экинларни етиштиришда илмий асосланган ёндашувни қўллаш имкониятларини кўриб чиқди.
Учрашув якунида иштирокчилар ҳамкорликни давом эттириш ва қўшма лойиҳани янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди. Ўзаро ҳамкорликнинг амалий йўналишлари қаторида кўчатлар етказиб бериш, агротехнологик кўмак кўрсатиш ва мутахассислар тайёрлаш белгиланди.