Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистон ва Fraunhofer IPK Навоийда машинасозликни ривожлантиради

Ўзбекистон ва Fraunhofer IPK Навоийда машинасозликни ривожлантиради
Ўзбекистон ва Fraunhofer IPK Навоийда машинасозликни ривожлантиради / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Германиянинг Fraunhofer IPK институти Навоий вилоятида машинасозликни ривожлантириш ҳамда маҳсулотлар экспортини кенгайтириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

18 ноябрь куни вазирликда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Унда вазир ўринбосари Умид Абидхаджаев, Fraunhofer IPK институти директори вазифасини бажарувчи Хольгер Коль ва Project M Foundation раиси Майк де Врис иштирок этди. Учрашув якунида томонлар ниятлар тўғрисидаги меморандумни имзолади.

Ҳамкорлик йўналишларидан бири маҳаллий машинасозлик ва автомобилсозлик корхоналарининг имкониятларини баҳолаш, импорт қилинадиган бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш ҳамда Европа саноат буюртмачилари билан алоқаларни ривожлантиришдан иборат бўлади.

Вазирлик Навоий вилоятининг танланишини унинг саноат тармоқлари таркиби билан изоҳлади. Ҳудуд саноат ишлаб чиқаришининг 77 фоизи металлургия ва тоғ-кон саноати ҳиссасига тўғри келади. Ушбу корхоналар машина, ускуна ва эҳтиёт қисмларга бўлган талабни шакллантиради.

Шу билан бирга, маҳаллий машинасозлик компаниялари автомобиль саноати учун кичик бутловчи қисмлар ва юқори аниқликдаги механик деталлар ишлаб чиқариш салоҳиятига эга. Ҳамкорликдан кўзланган мақсад — ушбу имкониятларни янги маҳсулотлар, реал саноат буюртмалари ва халқаро ишлаб чиқариш занжирларида иштирок этишга айлантириш.

Меморандум бешта йўналиш бўйича иш олиб боришни назарда тутади. Биринчи йўналиш камида бешта маҳаллий машинасозлик ва автомобилсозлик корхонасининг технологик имкониятларини баҳолаш ҳамда уларни Европа саноат харидорлари талабларига тайёрлашни қамраб олади.

Иккинчи йўналиш импорт қилинадиган эҳтиёт қисмлар ва автомобиль компонентларини маҳаллийлаштириш бўйича технологик ҳамда инвестиция ечимларини ишлаб чиқишга қаратилган. Учинчи йўналиш эса Европа автомобиль ишлаб чиқарувчилари ва бошқа саноат компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятларини ўрганишни назарда тутади.

Шунингдек, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузурида инновациялар институтини ташкил этиш имкониятини ўрганиш режалаштирилган. Алоҳида йўналиш сифатида Тошкент архитектура-қурилиш университети иштирокида академик ва техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳам белгиланган.

Бешинчи йўналиш маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро бозорларга чиқишига кўмаклашиш, салоҳиятли харидорлар билан алоқалар ўрнатиш ва пилот буюртмаларни ишлаб чиқишни назарда тутади.

Кейинги босқич сифатида Навоий вилоятининг беш йиллик ақлли ихтисослашув стратегиясини (Smart Specialisation Strategy) ва 24 ойлик амалий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Бундан ташқари, йирик саноат буюртмачиларининг эҳтиёжларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар имкониятлари билан боғлайдиган рақамли муҳандислик платформасини яратиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Вазирлик маълумотига кўра, Fraunhofer — йиллик бюджети 3,6 миллиард евро ва 30 мингдан ортиқ мутахассисдан иборат штатига эга Германия амалий тадқиқотлар тармоғидир.

Вазирлик хабар беришича, Fraunhofer IPK институти автомобиль саноати учун илғор ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этган ҳамда Бразилияда 25 та саноат инновациялари институтини ташкил этишга кўмаклашган.

Имзоланган меморандум ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишнинг ташкилий механизмларини келишиб олиш учун асос яратади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.