Шошилинч
Иқтисод

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Туркия кенгаши йиғилишида иштирок этади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Туркия кенгаши йиғилишида иштирок этади
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Туркия кенгаши йиғилишида иштирок этади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Тошкентда Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон — Туркия олий даражали кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилиш олдидан давлат раҳбари Туркия вице-президенти ва кенгаш ҳамраиси Жевдет Йилмаз билан учрашув ўтказади.

Тадбир пойтахтдаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтади. Унда икки мамлакат давлат органлари вакиллари, етакчи компаниялар раҳбарлари, инвесторлар ҳамда ишбилармон доиралар иштирок этади.

Кенгаш 2026 йил октябрь ойида ташкил этилган. Уни тузиш тўғрисидаги келишув Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ҳамда Режеп Таййип Эрдоған томонидан 29 октябрь куни Анқарадаги музокаралар якунлари бўйича имзоланган.

Янги тузилма савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги мулоқотларни кенгайтириш ҳамда бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашишни мақсад қилган.

Биринчи йиғилиш дастуридан инфратузилма ва шаҳарсозлик, энергетика ҳамда кимё саноатига бағишланган мавзули сессиялар ўрин олган. Шунингдек, иштирокчилар саноат ишлаб чиқариши, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ижтимоий соҳа ва давлат-хусусий шериклик масалаларини кўриб чиқади.

Учрашув савдо ҳажмини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш имкониятларини муҳокама қилиш майдонига айланиши кутилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.