Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистонда нақд пул муомаласининг янги қоидалари тасдиқланди

Ўзбекистонда нақд пул муомаласининг янги қоидалари тасдиқланди
Ўзбекистонда нақд пул муомаласининг янги қоидалари тасдиқланди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда банкларнинг нақд пул билан ишлашини ташкил этишнинг янги тартиби тасдиқланди. Йўриқнома Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 17 ноябрда 3977-сон билан рўйхатдан ўтказилди.

Ҳужжат банкларни нақд пул билан таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорларга пул бериш, банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш, шунингдек, нақд пул маблағларини кредит ташкилотлари ўртасида тақсимлаш қоидаларини белгилайди.

Банклар ўртасида нақд пул тақсимоти электрон шаклда амалга оширилади. Ортиқча нақд пул маблағларига эга банклар уларни «Нақд пул маблағларининг электрон майдончаси» дастурий мажмуаси орқали бошқа кредит ташкилотларига таклиф қилиши мумкин. Нақд пулга эҳтиёжи бўлган банклар эса электрон буюртмалар юборади.

Банклар ўртасида пул маблағларини етказиб бериш инкассация хизматлари орқали амалга оширилади.

Банклар нақд пулга бўлган эҳтиёжни олдиндан прогноз қилиши шарт. Нақд пул тушуми ва берилиши бўйича ойлик прогнозлар тегишли ой бошланишидан камида уч банк иш куни олдин электрон шаклда тақдим этилиши лозим.

Йўриқномада муомалага чиқариладиган банкнот ва тангаларга нисбатан талаблар ҳам белгиланган. Пул белгиларининг юз томонида номинали рақамлар билан, Марказий банк номи, дизайн ва намуна тасдиқланган йил, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ёки давлат байроғининг тасвири кўрсатилиши керак.

Бундан ташқари, пул белгилари қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи элементларга эга бўлиши, уларни осон таниб олиш учун ўлчами ва ранги билан бир-биридан фарқ қилиши лозим.

Банкнотларда серия ва рақам, номиналнинг сўз билан ёзилган ифодаси, улар барча турдаги тўловлар учун мажбурий қабул қилиниши ҳақидаги ёзув ҳамда қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги огоҳлантириш ҳам бўлиши шарт.

Пул белгиларининг дизайнида Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти ва қадриятлари, буюк олимлар ҳамда мамлакат эришган ютуқларни акс эттирувчи тасвирлардан фойдаланиш мумкин. Барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши керак.

Пул белгиларини тайёрлашда инсон саломатлиги учун хавфсиз материаллар ва замонавий ҳимоя элементларидан фойдаланилиши шарт.

Ҳужжат аҳоли ва тадбиркорларнинг нақд пул маблағларидан фойдаланиш имкониятини кафолатлашни ҳам назарда тутади. Банклар мижозларнинг талабига кўра, уларнинг ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида пул ечиб олиш бўйича сўровларини узлуксиз қондириши шарт.

Шунингдек, кредит ташкилотлари муомалада бўлган нақд пулларни номинал қиймати бўйича тўсиқсиз қабул қилиши лозим.

Банкоматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш мақсадида банклар мижозлар эҳтиёжлари ва қурилмалардаги нақд пул айланмасини мунтазам таҳлил қилиб боради. Нақд пул танқислиги юзага келиши прогноз қилинган тақдирда, қўшимча маблағларни жалб қилиш чораларини кўриши керак.

Марказий банк ва тижорат банклари бир номиналдаги пул белгиларини бошқа номиналдаги банкнот ёки тангаларга бепул, ҳеч қандай ҳақ ва комиссия ундирмасдан алмаштириши шарт.

Янги банкнот ва тангалар муомалага чиқарилиши ҳақида аҳоли камида бир ҳафта олдин хабардор қилиниши лозим.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.