7
Иқтисод

Япониянинг Mutsuura Honten компанияси Тошкент вилоятидаги лойиҳаларни муҳокама қилди

Япониянинг Mutsuura Honten компанияси Тошкент вилоятидаги лойиҳаларни муҳокама қилди
Япониянинг Mutsuura Honten компанияси Тошкент вилоятидаги лойиҳаларни муҳокама қилди / Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Япониянинг Mutsuura Honten Co., Ltd. компанияси президенти Нива Синтаро билан музокара ўтказди. Томонлар саноат соҳасидаги ҳамкорлик ва тозаланган оқова сувлардан қайта фойдаланиш лойиҳаларини муҳокама қилди.

Mutsuura Honten компанияси юз йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият юритиб, Япониянинг бир қатор йирик саноат корхоналари билан ҳамкорлик қилиб келади. Компания ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш учун материаллар етказиб беради, шунингдек, юқори аниқликдаги ўлчов асбобларини ўрнатиш ва созлаш билан шуғулланади.

Компания мижозлари қаторида Toyota Motor Corporation, Toyota Tsusho Corporation, дастгоҳлар ишлаб чиқарувчи Okuma ва темирйўл вагонлари ишлаб чиқарувчи Nippon Sharyo бор.

Учрашувда томонлар Тошкент вилоятида саноат кооперациясини ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Хусусан, қурилиш майдонларида ҳосил бўладиган сувни тозалаш ва ундан қайта фойдаланиш бўйича пилот лойиҳани ишга тушириш масаласи муҳокама қилинди.

Mutsuura Honten компаниясининг сувни тозалаш ва қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқарувчи Япониянинг WOTA компанияси билан ҳамкорлик тажрибасини инобатга олган ҳолда, учрашув иштирокчилари «Янги Тошкент» қурилиш майдонлари ва бошқа ҳудудларда оқова сувларни йиғиш ҳамда тозалаш имкониятларини кўриб чиқди.

Тозаланган сувдан техник эҳтиёжлар учун қайта фойдаланиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятида автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи корхоналар билан ҳамкорлик қилиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокимлиги мос саноат корхоналарини аниқлаш ва улар билан Япония компанияси ўртасида музокаралар ташкил этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув иштирокчилари таклиф этилган ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни шакллантириш юзасидан ҳам фикр алмашди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.