Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг BMB HOLDING компанияси ва Эстониянинг Operail компанияси савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди.
BMB HOLDING таъсисчилари кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Operail таъсисчиси Ричард Томингас билан учрашуви 10 ноябрь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда BMB HOLDING хабар берди.
Музокараларда асосий эътибор Ўзбекистон ва Эстония ўртасидаги экспорт-импорт операцияларини кенгайтиришга қаратилди.
Хусусан, томонлар BMB HOLDING корхоналарида қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни Эстония бозорига етказиб бериш имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, эстонлик ҳамкорларнинг ишбилармонлик алоқалари ва савдо тармоқларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон маҳсулотларини Норвегия, Швеция ва Финляндия бозорларига олиб чиқиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Инвестициявий шериклик, молиялаштириш механизмлари ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам алоҳида муҳокама мавзуси бўлди.
Operail юк темир йўл ташувлари, ҳаракатланувчи таркибга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашга ихтисослашган.