Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда чорвачилик маҳсулдорлиги ва унинг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш учун 60 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳа мамлакатнинг бешта ҳудудидаги қарийб 29 мингта кичик фермер хўжалигини қамраб олади. Бу ҳақда ОТБ хабар берди.
«Барқарор чорвачиликни ривожлантириш» лойиҳаси Бухоро, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилади. Унинг асосий вазифалари фермерларнинг озуқа ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, ветеринария хизматларини мустаҳкамлаш ва яйловларни бошқариш самарадорлигини оширишдан иборат.
Лойиҳа доирасида қурғоқчилик, ҳаддан ташқари иссиқлик ва сув танқислигига мослашиш чораларини жорий этиш режалаштирилган. Хусусан, яйловларни бошқаришни такомиллаштириш, қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли озуқа экинлари етиштиришни кенгайтириш, чорва моллари учун сув ичиш нуқталарини тиклаш ҳамда озуқа ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда ветеринария ва маслаҳат хизматлари қамровини кенгайтириш режалаштирилган. Режалаштирилган ечимлар қаторига сунъий интеллект ёрдамида яйловларни мониторинг қилиш, фермерлар учун тавсиялар ва эрта огоҳлантириш тизимига эга мобил иловани ишлаб чиқиш, шунингдек, маҳаллий жамоалар даражасида ветеринария ёрдамини модернизация қилиш киради.
Чорвачилик соҳасида фаолият юритаётган аёлларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Улар учун ихтисослаштирилган ўқув курслари ва озуқа ишлаб чиқаришда қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган. Шунингдек, аёлларнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этиши ва қарорлар қабул қилишдаги имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
ОТБнинг 60 миллион долларлик кредити «Музликлардан фермер хўжаликларигача» (Glaciers to Farms) дастури доирасида Яшил иқлим жамғармасининг 5 миллион долларлик гранти ҳамда Япония ҳукумати томонидан ОТБ орқали молиялаштириладиган Япониянинг Осиё ва Тинч океани минтақасининг фаровонлиги ва барқарорлиги жамғармаси (JFPR) томонидан ажратиладиган 3 миллион долларлик грант билан тўлдирилади.
ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Араянинг таъкидлашича, чорвачилик мамлакат қишлоқ аҳолиси учун даромад ва озиқ-овқатнинг муҳим манбаи бўлиб қолмоқда. Бироқ бу соҳа қурғоқчилик, ҳаддан ташқари иссиқлик ва сув танқислиги оқибатларига дуч келмоқда.