Иқтисод

«Ўзбекнефтгаз» иши бўйича айбланувчилар сони 25 нафарга етди

«Ўзбекнефтгаз» иши бўйича айбланувчилар сони 25 нафарга етди
«Ўзбекнефтгаз» иши бўйича айбланувчилар сони 25 нафарга етди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  «Ўзбекнефтгаз» АЖ собиқ бошқарув раиси Баҳодир Сидиқовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича айбланувчилар сони 25 нафарга етди. Бу ҳақда «Газета.uz» суд тизимининг янгиланган маълумотларига таяниб хабар берди.

Аввалроқ мазкур иш бўйича тўққиз нафар шахс иш фигуранти экани маълум қилинган эди. Олий суднинг янги маълумотларига кўра, айбланувчилар сони 25 нафарга етган.

Улар орасида Солиқ қўмитаси раисининг собиқ биринчи ўринбосари Мўмин Мирзаев ҳам бор. Унга ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш (Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди) ҳамда мансаб сохтакорлиги (209-модда 2-қисми «а» банди) бўйича айбловлар қўйилган.

Мирзаев бошқа жиноят иши бўйича ҳам аввал судланган. 2026 йил июль ойида суд уни Жиноят кодексининг 167, 205-моддалари (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топиб, саккиз йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Бошқа айбланувчилар қаторида «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Анарқулов, компаниянинг харидлар департаменти собиқ раҳбари Дилмурод Бурхонов, Enter Engineering вакили Улуғбек Усмонов ҳамда Eriell Management вакили Нодиржон Бобоев бор.

Баҳодир Сидиқовнинг ўзига ўзлаштириш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб сохтакорлиги ва жиноий даромадларни легаллаштириш айбловлари қўйилган.

Қолган иш фигурантларига эса қўйилган айбловларга қараб, талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги, ваколатни суиистеъмол қилиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва бошқа ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ айбловлар илгари сурилган.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.