Иқтисод

Бухорода туристик ҳудудларга пуллик йўллар қурилиши мумкин

Бухорода туристик ҳудудларга пуллик йўллар қурилиши мумкин
Бухорода туристик ҳудудларга пуллик йўллар қурилиши мумкин / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —  Бухоро вилоятида туристик объектларни ўзаро боғлайдиган пуллик автомобиль йўлларини қуриш имконияти ўрганилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни ҳудудни комплекс ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда топшириқ берди.

Учрашувда йўл инфратузилмаси, жамоат транспорти ва коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди. 2026 йил бошидан буён вилоят йўлларини яхшилаш учун 900 млрд сўм ажратилган. Шунга қарамай, йўлларда тирбандликлар, ҳаракат хавфсизлиги ва йўловчи ташишни ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда.

Йиғилишда тақдим этилган маълумотларга кўра, ҳудудда таъмирталаб автомобиль йўлларининг узунлиги қарийб 2 минг километрни, кўприклар сони эса 266 тани ташкил этади. Президент инфратузилмани янгилашга хусусий капитални жалб қилиш зарурлигини таъкидлаб, туристик диққатга сазовор жойлар ўртасида пуллик автомобиль йўлларини ташкил этиш вариантларини ишлаб чиқишни топширди.

Жамоат транспорти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маршрут тармоғи етарлича ривожланмагани сабабли вилоят аҳолисининг қарийб 80 фоизи ишга, ўқишга бориш ва кундалик юмушларини бажариш учун шахсий автомобиллардан фойдаланади. Шу муносабат билан ҳудудга 120 та автобус етказиб беришни жадаллаштириш вазифаси қўйилди.

Президент аэропорт ва Бухоро темир йўл вокзалларида йўловчилар ҳамда сайёзларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишни ҳам топширди. Давлат раҳбари ушбу объектлар меҳмонларда вилоят ҳақидаги илк таассуротни шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Бундан ташқари, вилоятнинг 55 та маҳалласида марказлашган ичимлик суви таъминоти мавжуд эмаслиги муаммосини ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди.

Масъул идораларга сув тармоқларини қуриш ва фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатларини белгилаш топширилди.

Бошқа вазифалар қаторида маҳаллий иқлим ва Бухоронинг тарихий қиёфасини ҳисобга олган ҳолда дарахт турларини танлаш, кўкаламзорлаштириш ҳамда йўл бўйларини ободонлаштиришда ягона ёндашувни жорий этиш белгиланди.

Давлат раҳбари шунингдек, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилалар учун турар жой массивлари қурилишини жадаллаштиришни талаб қилди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.