Иқтисод

Ўзбекистон миллий углерод тартибга солиш тизимига ўтишга тайёрланмоқда

Ўзбекистон миллий углерод тартибга солиш тизимига ўтишга тайёрланмоқда
Ўзбекистон миллий углерод тартибга солиш тизимига ўтишга тайёрланмоқда / Фото: Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда иссиқхона газлари чиқиндиларини мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва верификациялаш (MRV) тизимидан углерод нархини белгилаш ҳамда саноатни декарбонизация қилишнинг миллий механизмларига ўтиш масалалари муҳокама қилинди. Бу мавзуга бағишланган семинар 3 ноябрь куни вазирликлар, идоралар ва саноат корхоналари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вазирлик ҳузуридаги «Яшил иқтисодиёт» лойиҳалари маркази ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) «Яшил индустриаллаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этди. Семинарда халқаро эксперт Золт Ленгел иштирок этди.

Иштирокчилар асосий эътиборни саноатни модернизация қилиш, декарбонизация жараёнини жадаллаштириш ва Ўзбекистоннинг миллий иқлим мажбуриятларини (NDC) бажариш мақсадида чиқиндилар савдоси тизими (ETS) ҳамда углерод нархини белгилаш механизмларини амалиётга татбиқ этишга қаратди.

Семинар давомида Европа Иттифоқи мамлакатларининг MRV тизимлари ва углерод чиқиндиларини тартибга солиш механизмларини жорий этиш бўйича тажрибаси кўриб чиқилди. Германиянинг DEHSt идораси мисолида иштирокчиларга чиқиндилар савдоси тизимининг ишлаш тамойиллари, маълумотлар базаларини юритиш, маълумотларни мониторинг қилиш ва мустақил текшириш, шунингдек, квоталарни, жумладан, аукционлар орқали тақсимлаш тартиби тақдим этилди.

Чиқиндилар учун белгиланадиган квоталар билан алоҳида лойиҳалар асосида шакллантириладиган углерод кредитлари ўртасидаги фарқлар, шунингдек, икки карра ҳисобга олишнинг олдини олиш усуллари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.

Иштирокчилар углерод нархини белгилашдан тушадиган маблағларни саноатни декарбонизация қилиш ва яшил инвестицияларни рағбатлантиришга йўналтириш имкониятларини ҳам кўриб чиқди.

Яна бир мавзу Европа Иттифоқининг чегаралараро углерод тартибга солиш механизми (CBAM) ва унинг ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигига таъсири бўлди. Бунда, биринчи навбатда, минерал ўғитлар ва бошқа экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга эътибор қаратилди. Шунингдек, углерод тўловларидан тушадиган маблағларни мамлакат иқтисодиётида сақлаб қолиш имконини берувчи чоралар муҳокама қилинди.

Семинар якунлари бўйича корхоналар даражасида чиқиндилар ҳақидаги ишончли тарихий маълумотлар базасини шакллантириш зарурлиги таъкидланди.

Бундай маълумотлар квоталарни тақсимлаш қоидаларини ишлаб чиқиш ва углерод нархини белгилашнинг миллий механизмларини жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши керак.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.