Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши ва Европа — Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси (EUROUZ) Европа компаниялари билан ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва мамлакатга инвестициялар жалб этишга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Келишув давлат органлари ва ишбилармон доиралар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон бозорига киришдан манфаатдор Европа компанияларини қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Томонлар биргаликда ишбилармонлик тадбирлари ва бизнес делегациялар ташрифларини ташкил этиш, бозорлар ҳақида тажриба ва маълумот алмашишга кўмаклашиш, шунингдек, Европа бизнеси ва ўзбекистонлик ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Меморандум ташкилотлар ўртасида узоқ муддатли шериклик учун асос бўлиши ҳамда Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.