Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Россияда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари фарзандлари билан бирга Миграция агентлиги кўмагида Ватанга қайтди. Сафарни ташкил этиш учун уларга авиачипталар олиб берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайтиш жараёни агентликнинг Россиядаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Москва, Владивосток, Екатеринбург, Пермь, Нижний Новгород ва Новосибирск шаҳарларида бўлган фуқароларга ёрдам кўрсатилди.
Ватанга қайтганлар орасида Қозон шаҳрида қийин вазиятга тушиб қолган Фируз Собиров ҳам бор. Унинг сўзларига кўра, акаси Лазиз Очилов Ўзбекистонга қайтишига ёрдам беришни сўраб Миграция агентлигига мурожаат қилган. Натижада унинг қайтиши ташкил этилган.
Яна бир фуқаро иши тугаганидан ва янги иш таклифлари бўлмаганидан кейин қийинчиликларга дуч келганини айтди. Интернет орқали Миграция агентлигидан ёрдам олиш имконияти борлигини билиб, идорага мурожаат қилган ва бепул авиачипта олган.
Ширин Жабборова ҳам Ватанга қайтишига кўрсатилган ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Унинг маълум қилишича, Қозон шаҳридаги консулхона унга Ўзбекистонга қайтиш учун гувоҳнома расмийлаштирган, Миграция агентлиги эса ўзи ва фарзандлари учун авиачипталар тақдим этган.
Миграция агентлиги хорижда қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларни Россиядаги агентлик ваколатхонасига ёрдам сўраб мурожаат қилишга чақирди.
Ваколатхонанинг кеча-ю кундуз ишлайдиган колл-маркази +7 (495) 803-40-00 рақами орқали фаолият юритади. Шунингдек, +7 (925) 045-47-44 рақами орқали ишонч телефонига қўнғироқ қилиш мумкин. Ҳар икки рақам орқали Telegram, WhatsApp ва MAX мессенжерларида ҳам мурожаат юбориш имконияти мавжуд.