Иқтисод

Фарғона вилояти делегацияси Беларусдаги «АМКОДОР-ЛЕСМАШ» заводига ташриф буюрди

Фарғона вилояти делегацияси Беларусдаги «АМКОДОР-ЛЕСМАШ» заводига ташриф буюрди
Фарғона вилояти делегацияси Беларусдаги «АМКОДОР-ЛЕСМАШ» заводига ташриф буюрди / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация Беларуснинг Минск вилояти Логойск шаҳрида жойлашган «АМКОДОР-ЛЕСМАШ» корхонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Ташриф давомида вилоят вакиллари ўрмон хўжалиги ва ёғоч тайёрлаш соҳалари учун мўлжалланган ихтисослаштирилган техникалар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди, шунингдек, саноат соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

«АМКОДОР-ЛЕСМАШ» МЧЖ Беларуснинг «АМКОДОР» машинасозлик холдинги таркибига киради. Корхона дарахтларни кесиш, шохларини тозалаш ва таналарини белгиланган узунликдаги бўлакларга ажратиш учун мўлжалланган харвестерлар, шунингдек, тайёрланган ёғочни ташишга хизмат қилувчи форвардерлар ишлаб чиқаради.

Ишлаб чиқариш жараёнида автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, замонавий муҳандислик ечимлари ва юқори технологик ускуналар қўлланилади. Корхона маълумотларига кўра, ушбу технологиялардан фойдаланиш ўрмон хўжалиги ишларини механизациялаш даражасини ошириш, меҳнат унумдорлигини кўтариш ва ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш имконини беради.

2025 йилда завод 80 дона ихтисослаштирилган техника ишлаб чиқарган. 2026 йилда эса ишлаб чиқариш ҳажмини 120 та машинага етказиш режалаштирилган.

Келгусида корхона ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришни мақсад қилган.

Ташриф давомида делегация ишлаб чиқариш майдонлари, технологик жараёнлар ва тайёр маҳсулотлар билан танишди.

Томонлар, шунингдек, Фарғона вилояти машинасозлик саноатида кооперацияни ривожлантириш истиқболлари, ихтисослаштирилган техникалардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда Беларус ишлаб чиқарувчиларининг тажрибасини қўллаш масалалари юзасидан фикр алмашди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.