Спорт

Ўзбекистон U-15 терма жамоаси 1/8 финалда Мадагаскарга мағлуб бўлди

Ўзбекистон U-15 терма жамоаси 1/8 финалда Мадагаскарга мағлуб бўлди
Ўзбекистон U-15 терма жамоаси 1/8 финалда Мадагаскарга мағлуб бўлди / Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг 15 ёшгача бўлган ўсмирлар терма жамоаси Бокуда ўтаётган FIFA U-15 World Cup & Festival 2026 мусобақасининг B даражасидаги 1/8 финал учрашувида Мадагаскар терма жамоасига 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси хабар берди.

Бунга қадар плей-оффнинг B даражасида Ўзбекистон терма жамоаси Гватемала устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Мадагаскар эса аввалги учрашувда Ироқ терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этган.

Мусобақа тақвимига кўра, 29 октябрь куни Ўзбекистон терма жамоаси Коста-Рика терма жамоаси билан ўйнайди.

Гуруҳ босқичида Ўзбекистон терма жамоаси W гуруҳида иккинчи ўринни эгаллади. Жамоа Багама ороллари (6:1), Қозоғистон (2:0), Гуам (6:0) ва Мьянма (4:0) терма жамоаларини мағлуб этди, Ганага эса 1:4 ҳисобида ютқазди.

Мусобақа низомига мувофиқ, гуруҳ босқичидан кейин жамоалар A дан F гача бўлган даражаларда иштирокини давом эттиради. Ҳар бир даражада алоҳида ғолиб аниқланади. A даражаси ғолиби эса мусобақанинг умумий чемпиони бўлади.

Мусобақа 22–31 октябрь кунлари Бокуда ўтказилмоқда. Унда 191 мамлакатнинг ўсмирлар терма жамоалари иштирок этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.