Молия

Ўзбекистон ва ОТБ техник кўмакнинг янги йўналишларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва ОТБ техник кўмакнинг янги йўналишларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва ОТБ техник кўмакнинг янги йўналишларини муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Марказий банки.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 2023–2026 йиллардаги техник ҳамкорлик натижалари ҳамда янги қўшма лойиҳалар истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув 2026 йилги Самарқанд ислом молияси форуми доирасида бўлиб ўтди. Унда Марказий банк раисининг ўринбосари Санжар Носиров, молиявий инклюзия бўйича директор Дилбар Абдуғаниева, тегишли департаментлар раҳбарлари ҳамда ОТБнинг Молия сектори офиси директори Моҳд Сани Моҳд Исмаил иштирок этди.

Учрашувда ОТБ томонидан 2023–2026 йилларда Марказий банкка кўрсатилган техник ёрдам натижалари сарҳисоб қилинди.

Ҳамкорлик молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, молиявий саводхонликни ривожлантириш ва нобанк сектор устидан таваккалчиликка асосланган назоратни такомиллаштиришга қаратилди.

Томонлар техник ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича ҳам фикр алмашди. Улар қаторида ислом капитал бозорини ривожлантириш, ликвидликни бошқариш воситаларини жорий этиш ва нобанк молия сектори устидан назоратни такомиллаштириш масалалари бор.

Музокаралар якунида Марказий банк ва ОТБ вакиллари ҳамкорликни давом эттириш ҳамда келишилган йўналишларда ўзаро алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.