Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекинвест» суғурта компанияси кузатув кенгаши таркибини янгилади. Бу ҳақдаги маълумот 14 октябрь куни Корпоратив ахборотнинг ягона порталида эълон қилинди.
Кузатув кенгаши раиси этиб Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат банклари ва активларини трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштириш департаментини бошқарувчи Жамшид Абдушукуров тайинланди.
Раис ўринбосари лавозимини Marex Financial компаниясининг CEEMEA минтақасидаги ривожланаётган бозорларни кредитлаш гуружи ижрочи директори Ишил Чаглаян эгаллади.
Кузатув кенгаши таркибига, шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг давлат активларини хусусийлаштириш ва мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Бахтиёржон Ражабов, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини мониторинг қилиш департаменти бош мутахассиси Ўткиржон Тажиматов ҳамда Franklin Templeton Asset Management инвестиция гуруҳи мутахассиси Нозанин Ғуломова киритилди.
Кенгашнинг мустақил аъзолари этиб SynFiny Advisors минтақавий ҳамкори ва Kompass Directors Uzbekistan бошқарувчи ҳамкори Сайёра Аюпова, шунингдек, ўзгаришларни бошқариш ва лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мутахассис Фориҳ Шамсиев тайинланди.