Иқтисод

Ўзбекистон ва Франция энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Франция энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Франция энергетика ҳамда транспорт лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Франция энергетика, сув таъминоти, транспорт ҳамда коммунал инфратузилма соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Музокаралар 27 октябрь куни Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ҳамда Франция Европа ва ташқи ишлар вазирлигининг шаҳарларни барқарор ривожлантириш ва транспорт масалалари бўйича вакили Жерар Вольф бошчилигидаги француз делегацияси ўртасида бўлиб ўтди.

Учрашувда Франциянинг SUEZ, EDF, ALSTOM, VEOLIA, IVECO, MND, Dassault Systèmes ва WILMOTTE & ASSOCIÉS компаниялари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон томони иқтисодий ўсишнинг янги моделини шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатнинг меҳнат ресурслари салоҳияти ва ички бозор имкониятлари ҳақида маълумот берди.

Франция компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларида лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирди. Муҳокамалар давомида аҳоли сонининг ўсиши ва инфратузилмага бўлган эҳтиёжнинг ортиши ҳам ҳисобга олинди.

Томонлар ҳудудларда иссиқлик таъминоти тизимларини модернизация қилиш, сув таъминотини яхшилаш ва жамоат транспортини такомиллаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқди. Темир йўл соҳаси ва логистика тизимларини рақамлаштириш ҳам муҳокама қилинган йўналишлардан бири бўлди.

Учрашув якунида иштирокчилар устувор йўналишлардаги лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.