Иқтисод

Электрон ҳужжатларни банклар ва аэропортларда тақдим этишга рухсат берилди

Электрон ҳужжатларни банклар ва аэропортларда тақдим этишга рухсат берилди
Электрон ҳужжатларни банклар ва аэропортларда тақдим этишга рухсат берилди / Фото: Ўзбекистон Адлия вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда банк, нотариал, телекоммуникация ва қатор бошқа хизматлардан фойдаланишда қоғоз ҳужжатлар ўрнига уларнинг электрон шаклини тақдим этишга рухсат берилди. Тегишли ўзгартиришлар идораларга оид 33 та норматив ҳужжатга киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ва «Ижтимоий карта» (Ijtimoiy karta) мобил иловасида мавжуд рақамли ҳужжатлар қоғоздаги асл нусхалар ўрнида қўлланилиши мумкин.

Янги тартиб биометрик паспортлар, ID-карталар, туғилганлик ва никоҳ тўғрисидаги гувоҳномалар, пенсия гувоҳномалари, ногиронлик тўғрисидаги маълумотномалар, уруш қатнашчилари гувоҳномалари ҳамда талабалик билетларига тааллуқли.

Электрон ҳужжатларни банкларда хизматлардан фойдаланиш ва айрим молиявий операцияларни амалга оширишда шахсни тасдиқлаш учун, нотариал идораларда тегишли нотариал ҳаракатларни бажаришда, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидаги ички авиақатновларга рўйхатдан ўтиш вақтида аэропортларда тақдим этиш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, уруш қатнашчиларига компенсация расмийлаштириш, телекоммуникация хизматлари ва ломбардлар билан шартномалар тузиш, донорнинг шахсини тасдиқлаш орқали қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш, шунингдек, тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизматлардан фойдаланишда қоғоз ҳужжатлар талаб қилинмайди.

Фуқароларни ҳарбий ҳисобга қўйиш ва қатор бошқа хизматлардан фойдаланишда ҳам ҳужжатларнинг рақамли шаклларидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Шахсни тасдиқловчи ва айрим бошқа ҳужжатлар учун ягона рақамли хизматлар Ўзбекистонда 2025 йилда жорий этила бошланган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.