Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Korea Electronics Show 2026 халқаро кўргазмасида ўз электротехника саноатининг салоҳиятини намойиш этди.
«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси Road Show форматида тақдимот ўтказди, шунингдек, хорижий компаниялар билан музокаралар ташкил этди. Жанубий Кореяда малака ошираётган ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий машғулотлар ҳам ўтказилди.
Тақдимот давомида иштирокчиларга маҳаллийлаштирилган электротехника маҳсулотлари, энергетика ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар, шунингдек, хорижий инвесторлар ва технологик ҳамкорлар учун мавжуд имкониятлар таништирилди.
Тадбирда хорижий компаниялар вакиллари, инвесторлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди. Саноат тармоғининг ривожланиши ҳақидаги видеоматериал аудиторияда қизиқиш уйғотди.
Ишбилармонлик дастури доирасида «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси раисининг ўринбосари Ф. Абдуалимов Жанубий Кореянинг Samwha Electric Co., Ltd. ва DONGWOO ROBOT компаниялари, шунингдек, Япониянинг Mitsubishi Chemical Advanced Materials компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Томонлар электротехника саноатидаги ҳамкорликни кенгайтириш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда робототехника, электрон компонентлар ва янги материаллар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Уюшма хорижий технологик компаниялар билан ҳамкорлик Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қўшилган қиймати юқори маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва тармоқнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини юксалтиришга хизмат қилишидан умид қилмоқда.
Бундан ташқари, «Ўзэлтехсаноат» ташаббуси билан Жанубий Кореяда малака ошираётган 20 нафар тингловчи ҳам кўргазмага ташриф буюрди.
Улар учун амалий машғулотлар ташкил этилди. Машғулотлар давомида тингловчилар замонавий электротехника маҳсулотлари, яримўтказгич технологиялари ва етакчи жаҳон компанияларининг инновацион ечимлари билан танишди.
Амалий дастур назарий билимларни мустаҳкамлаш, халқаро тажрибани ўрганиш ва мутахассисларнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.