Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 16 октябрдан бошлаб Uzbekistan Airways Ўзбекистон ичидаги йўналишлар бўйича авиачипталар тарифларини ўртача 20 фоизга арзонлаштиради.
Авиакомпания матбуот хизмати маълум қилишича, нархлар рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан ҳамкорликда қайта кўриб чиқилди.
Компания таъкидлашича, ушбу қарор Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида хизмат сафарлари, дам олиш ва қариндошларни зиёрат қилиш мақсадида амалга ошириладиган авиақатновларни аҳоли учун янада қулай қилишга қаратилган.
Тарифлар ўзгарганидан сўнг Тошкентдан Андижон, Наманган, Самарқанд ва Фарғонага бир томонлама авиачипталар нархи 201 062 сўмдан бошланади. Бухорога парвозлар 241 274 сўмдан, Термизга 361 911 сўмдан, Нукус ва Урганчга эса 442 336 сўмдан таклиф этилади.
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, Президент топшириғига мувофиқ, авиаташувлар соҳасида транспорт харажатларини мақбуллаштириш имкониятлари таҳлил қилинган.
Ушбу ишлар натижасида ички йўналишлар бўйича авиачипталар нархини тегишли харажатларни қисқартириш ҳисобига пасайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.