Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси кўмир, цемент ва уннинг биржа савдолари орқали реализация қилинишини таҳлил қилади.
Таҳлил доирасида мутахассислар мазкур маҳсулотлар нархларининг динамикаси, уларнинг биржада реализация қилиш ҳажмлари, шунингдек, ҳудудлар кесимидаги харид ҳажмларини ўрганади.
Маҳсулотларни ички бозорда реализация қилишда белгиланган талабларга риоя этилишига алоҳида эътибор қаратилади. Ички бозорда кўмир маҳсулотлари фақат биржа савдолари орқали реализация қилиниши керак.
Цемент учун ҳам ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмининг белгиланган қисмини ички бозорда фақат биржа орқали реализация қилиш талаби белгиланган.
Давлат ресурсларидан буғдойни биржа савдолари орқали харид қиладиган ун ишлаб чиқарувчиларга нисбатан ҳам алоҳида талаблар амал қилади. Улар белгиланган миқдордаги ун ва кепакни биржа орқали реализация қилиши шарт.
Таҳлилнинг асосий вазифаси биржа савдоларини ўтказишда бозор тамойилларига риоя этилишини, маҳсулотлар реализациясининг шаффофлигини ва нархларни шакллантириш жараёнларини баҳолашдан иборат.
Қўмита, шунингдек, ҳудудлар кесимида маҳсулотларни реализация қилиш ва харид қилиш кўрсаткичларини ўрганади. Бу мазкур маҳсулот турларининг биржа бозоридаги вазиятни баҳолаш имконини беради.