Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистонга тўртинчи Ўзбекистон–Беларусь парламентлараро форумида иштирок этиш учун келган Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Республика Кенгаши раиси Наталья Кочанова билан учрашув ўтказди.
Учрашувда томонлар парламентлараро мулоқотни янада ривожлантириш ва икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.
Парламент қўмиталари ўртасида мунтазам тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда парламентларнинг роли қайд этилди.
Музокараларнинг алоҳида қисми савдо-иқтисодий ҳамкорликка бағишланди. Томонлар қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, парламент дипломатиясининг ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш ва қўшма тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратишга кўмаклашишдаги роли таъкидланди.
Томонлар, шунингдек, меҳнат миграциясини тартибга солиш ва фуқароларни иш билан таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Жумладан, меҳнат фаолиятини қонуний амалга ошириш учун шароитларни таъминлаш, шунингдек, фуқароларнинг меҳнат, тиббий ва ижтимоий ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни кафолатлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди. Томонлар таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Хусусан, Маданият кунлари, ректорлар форумлари ва тиббиёт форумларини мунтазам ўтказишни изчил давом эттириш, шунингдек, ёшлар ташаббуслари ва икки мамлакат ўқувчилари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувнинг яна бир йўналиши тадбиркорлик фаоллигини қўллаб-қувватлаш бўлди. Томонлар парламент дипломатияси салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ва Ўзбекистон–Беларусь аёллар бизнес-форумлари доирасида эришилган келишувларга амалий тус бериш зарурлигини қайд этди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда халқаро парламент ташкилотлари ва платформалари доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Ўтказилган музокаралар Ўзбекистон ва Беларусь парламентлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳамда кенг кўламли йўналишларда амалий ҳамкорликни илгари суриш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.