Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сурхондарё вилоятида Volvo юк машинасидан товар-транспорт ҳужжатларида кўрсатилмаган 1 245,5 кг сирка кислотаси ангидриди аниқланди.
Прекурсорларни Қозоғистон фуқароси ташиётган бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Тезкор тадбир ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва божхона органлари билан ҳамкорликда ўтказилди.
Юк машинаси Қозоғистондан Ўзбекистон орқали транзит тарзда Тожикистонга йўл олган. Ташиш учун махсус рухсатнома талаб этиладиган сирка кислотаси ангидриди 47 та полимер идишга жойланган бўлган.
Қоидабузарлик «Сариосиё» чегара божхона постида аниқланди. Айни пайтда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни шунга ўхшаш қоидабузарликлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Идора мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланишини кафолатлади.