Шошилинч
Иқтисод

Ўзбекистон Хитойдаги рақамли сут фермалари тажрибасини ўрганмоқда

Ўзбекистон Хитойдаги рақамли сут фермалари тажрибасини ўрганмоқда
Ўзбекистон Хитойдаги рақамли сут фермалари тажрибасини ўрганмоқда / Фото: Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонлик қарийб 200 нафар фермердан иборат делегация Хитойнинг Нинся-Хуэй мухтор районидаги Ningxia Jiubeier Agricultural Development Co., Ltd. компаниясининг замонавий мажмуасига ташриф буюриб, сут чорвачилигини рақамлаштириш тажрибаси билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.

Делегация Хитойга Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бошчилигида борган. Ташриф давомида иштирокчилар сут чорвачилигида замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва рақамли бошқарув тизимларини жорий этган корхона фаолиятини ўрганди.

Фермерлар бошқаруви 5G технологиялари ёрдамида амалга ошириладиган «ақлли ферма» фаолияти билан танишди.

Рақамли тизимлар ҳайвонларни сақлаш, озиқлантириш ва соғиш жараёнларини, шунингдек, уларнинг саломатлиги ва маҳсулдорлигини кузатишни қамраб олади.

Мажмуа 3 минг бош қорамолни сақлашга мўлжалланган. Унинг сут ишлаб чиқариш қуввати суткасига 48–50 тоннани ташкил этади.

Фермада Швециянинг DeLaval компанияси томонидан ишлаб чиқарилган 16 та V300 роботлаштирилган соғиш тизими ўрнатилган. Ҳайвонларни озиқлантириш жараёни ҳам автоматлаштирилган. Ҳар бир ҳайвоннинг саломатлиги ва сут маҳсулдорлиги кўрсаткичлари рақамли тизимлар ёрдамида кузатиб борилади.

Корхона чорвачилик чиқиндиларини йиғиш ва қайта ишлаш технологияларини ҳам жорий этган. Улар органик ўғитлар ишлаб чиқариш, оқова сувларни тозалаш ва улардан қайта фойдаланишни назарда тутади.

Ташриф ўзбекистонлик фермерларга сут чорвачилигида рақамли технологиялар, автоматлаштириш ва ресурсларни тежовчи ечимларни амалиётда қўллаш тажрибаси билан танишиш имконини берди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.