Шошилинч
Молия

Ўзбекистонда валюта таклифи талабдан тезроқ ўсмоқда

Ўзбекистонда валюта таклифи талабдан тезроқ ўсмоқда
Ўзбекистонда валюта таклифи талабдан тезроқ ўсмоқда / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь–октябрь ойларида Ўзбекистон ички валюта бозорида валюта сотуви 22 фоизга ошиб, 50,4 млрд долларга етди. Валютага бўлган талаб эса 20 фоизга ўсиб, 58,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки хабар берди.

Ушбу маълумотларни Марказий банк Монетар операциялар департаменти бошқармаси бошлиғи Фарҳод Ортиқов ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бизнес ва аҳоли томонидан валюта таклифи унга бўлган талабга нисбатан тезроқ ўсган.

Корхоналар ҳисобот даврида 45,8 млрд долларлик валюта сотиб олди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоиз кўпдир. Ушбу маблағнинг қарийб ярми — 21,8 млрд доллари ишлаб чиқариш учун хомашё ва хизматлар импортига йўналтирилган. Яна 13,9 млрд доллар хорижий валютадаги кредитларни сўндиришга, 8,3 млрд доллар эса истеъмол товарлари ва дори воситаларини импорт қилишга сарфланган.

Юридик шахслар томонидан валюта сотуви 24 фоизга ошиб, 29,3 млрд долларга етди. Тадбиркорлик субъектлари экспорт тушумлари ҳисобидан 11 млрд долларлик валюта сотди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 36 фоиз кўп. Валюта кредитлари ҳисобидан эса компаниялар 8,8 млрд доллар сотган бўлиб, ўсиш 21 фоизни ташкил этди.

Аҳоли банкларга 21,1 млрд долларлик валюта сотди ва улардан 12,4 млрд доллар сотиб олди. Натижада банклар фойдасига 8,7 млрд долларлик ижобий сальдо шаклланди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоиз кўпдир.

Трансчегаравий пул ўтказмалари орқали мамлакатга 17 млрд доллар келиб тушган, мамлакатдан эса 2,2 млрд доллар чиқиб кетган. Пул ўтказмалари бўйича ижобий сальдо 14,8 млрд долларга етган.

Ҳисобот даврида сўмнинг долларга нисбатан алмашув курси 11 765 сўмдан 12 320 сўмгача ўзгариб турган. Октябрь ойи якунида эса 1 доллар 12 023 сўмни ташкил этган.

Марказий банк валюта бозорида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берди. Халқаро экспертлар кўмагида регулятор 2026–2030 йилларга мўлжалланган ички бозордаги валюта операциялари ва интервенциялар стратегиясини ишлаб чиқди. Унга мувофиқ, Марказий банк олтин хариди билан боғлиқ валютани «Америка аукциони» механизми орқали сотмоқда. Бундай сотувлар ҳажми олдиндан эълон қилинади, битимлар эса турли нархларда амалга оширилади.

Валюта операциялари ва интервенциялар рискларга йўналтирилган ёндашув асосида амалга ошириладиган бўлди. Валюта биржасида савдо ўтказиш вақти ҳам узайтирилди.

Бозордаги фаол иштирокчилар, яъни маркет-мейкерлар сони иккитадан бештага етди. 2025 йил якунида валюта бозори ҳажми ЯИМнинг 77 фоизини ташкил этди. 2019 йилда бу кўрсаткич 39 фоиз эди. Бозорда фаолият юритаётган компаниялар сони эса 29 мингтадан 90 мингтага кўпайди.

Июнь ойида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) IV модда бўйича навбатдаги маслаҳатлашувлар якунлари асосида сўмнинг валюта курси режимини «сирғалувчи» режим тоифасидан «сузувчи» режим тоифасига ўтказди.

«Бу миллий валюта курси давлат аралашувисиз ички бозордаги бозор механизмлари асосида шаклланаётганининг халқаро миқёсда тан олинишидир», — деди Ортиқов.

Кейинги босқичда Марказий банк валюта ва фоиз ставкалари билан боғлиқ рискларни бошқариш ҳамда ҳосилавий молиявий инструментлар — деривативларни жорий этиш билан шуғулланади.

Регулятор, шунингдек, бозорда барқарор ликвидликни таъминлаш ва маҳаллий компанияларнинг ташқи хатарларга нисбатан бардошлилигини оширишни мақсад қилган.

Ортиқовнинг таъкидлашича, ушбу чора-тадбирлар валюта бозорининг чуқурлиги, шаффофлиги ва барқарорлигини ошириш, шунингдек, бизнес учун янада қулай шароитлар яратишга хизмат қилиши керак.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.