Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қиймати 10 млн доллар бўлган иқлим лойиҳасини бошлади. Лойиҳа доирасида 20 та агрометеорологик станция ўрнатиш ва мониторинг тизимини ривожлантириш кўзда тутилган. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Ташаббусга 17 ноябрь куни Анталияда бўлиб ўтаётган COP31 халқаро иқлим конференцияси доирасидаги тадбирда старт берилди.
Лойиҳа ташкилотчилари сифатида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Лойиҳа офиси ҳамда БМТнинг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) иштирок этди.
Лойиҳа Адаптация жамғармаси гранти ҳисобидан молиялаштирилади. У қишлоқ хўжалигида иқлим хизматларини ривожлантириш, агроиқлим маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда озиқ-овқат тизимларининг иқлим ўзгаришига бардошлилигини оширишга қаратилган.
Ташаббус доирасида 20 та автоматлаштирилган агрометеорологик станция ўрнатиш ва агроиқлим мониторинги тизимини ривожлантириш режалаштирилган. Шунингдек, Гидрометеорология хизмати агентлиги лабораториясини модернизация қилиш ҳам кўзда тутилган.
Лойиҳа фермерларни замонавий иқлим хизматлари билан таъминлаш ва иқлим хавфларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга йўналтирилган.