7
Ўзбекистон

Тошкентда сунъий кўлли дам олиш маскани қурилмоқда

Тошкентда сунъий кўлли дам олиш маскани қурилмоқда
Тошкентда сунъий кўлли дам олиш маскани қурилмоқда / Фото: Видеодан лавҳа.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида майдони 1,87 гектар бўлган сунъий кўл, иккита фаввора, пиёдалар ва велосипед йўлакларига эга дам олиш маскани қурилмоқда. Лойиҳа «Бешёғоч» маҳалласида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Лойиҳа учун ажратилган ер майдонининг умумий ҳажми 23 минг квадрат метрни ташкил этади. Шундан 18,7 минг квадрат метр қисми сув ҳавзаси учун ажратилган. Кўлнинг сув сиғими тахминан 37,4 минг куб метр бўлади.

Кўлга туташ ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, жумладан, 150 туп дарахт ва буталар экиш режалаштирилган.

Кўл атрофида умумий узунлиги 4,6 минг метр бўлган пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

Лойиҳанинг асосий элементларидан бири баландлиги 30 метр бўлган, айланувчи элементи мавжуд аркасимон иншоот бўлади. Унинг меъморий концепциясини ишлаб чиқиш учун италиялик мутахассисларнинг дастлабки таклифлари ўрганилиб, такомиллаштирилди.

Lider Prof Proekt лойиҳа ташкилоти таклиф этилган ечимларни ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва лойиҳа талабларини ҳисобга олган ҳолда мослаштирди. Шунингдек, мураккаб конструктив ва механик ечимларни ишлаб чиқиш учун хитойлик ва бошқа хорижий ҳамкорларни жалб этиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Дастлабки лойиҳалаш босқичида арка ичига иккита лифт жойлаштириш имконияти ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Пойтахт ҳокимлиги баҳосига кўра, дам олиш масканига кунига 3 минг нафаргача киши ташриф буюриши мумкин. Лойиҳанинг қиймати ва қурилишни якунлаш муддатлари ҳозирча маълум қилинмаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.