Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сирдарё вилоятида кейинчалик Японияда ишга жойлаштириш мақсадида ҳайдовчилар тайёрлаш марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров ва Япониянинг Onodera User Run компанияси раҳбари Дзюн Като ўртасида муҳокама қилинди.
Томонлар ҳайдовчилик хизматлари соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, уларни халқаро талаблар асосида ўқитиш ҳамда фуқароларни Японияда иш билан таъминлаш масалаларини кўриб чиқди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида Японияга 400 нафар ҳайдовчини юбориш режалаштирилган. Кейинчалик уларнинг сонини 1 000 нафарга етказиш кўзда тутилган.
Номзодларни тайёрлаш учун махсус етти ойлик ўқув дастури ишлаб чиқилган. У япон тилини ўрганиш, транспорт хавфсизлиги қоидалари билан танишиш ва амалий ҳайдовчилик машғулотларини ўз ичига олади.
Ўқув курсини тугатган иштирокчилар Япония иш берувчилари билан суҳбатдан ўтади. Саралашдан муваффақиятли ўтган номзодларни Японияга ишлаш учун юбориш режалаштирилган.
Ушбу ташаббус вилоят аҳолисининг хорижда ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.