Ўзбекистон

Ангренда 79,8 млн сўмлик қалбаки пул тайёрлаш тўхтатилди

Ангренда 79,8 млн сўмлик қалбаки пул тайёрлаш тўхтатилди
Ангренда 79,8 млн сўмлик қалбаки пул тайёрлаш тўхтатилди / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида умумий қиймати 79,8 млн сўм бўлган қалбаки пул купюраларини тайёрлаш фаолиятига чек қўйилди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, тезкор тадбир давомида ижарага олинган турар жойда қалбаки пул ишлаб чиқаришни ташкил этганликда гумонланаётган икки нафар шахс қўлга олинган.

Операция Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят Ички ишлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилди.

Бинони кўздан кечириш чоғида 100 минг ва 200 минг сўмлик қалбаки банкнотларнинг тайёрланиш жараёнидаги нусхалари аниқланди. Уларнинг умумий қиймати 79,8 млн сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, ашёвий далил сифатида рангли принтер, бўёқлар ва идора буюмлари мусодара қилинди. Идора маълумотларига кўра, ушбу воситалар қалбаки пул купюраларини тайёрлашда ишлатилган.

Қўлга олинган шахслар 1993 ва 1997 йилларда туғилган. Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, уларнинг ҳар иккиси ҳам аввал жиноий жавобгарликка тортилган ва судланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси иккинчи қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.