Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда футбол турнирида иштирок этиш учун Қозоғистондан келган 20 нафар бола ва уларга ҳамроҳлик қилган шахслар шифохонага ётқизилганидан сўнг жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда мазкур ҳодиса юзасидан тайёрланган материалларда маълум қилинган.
Жиноят иши Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 276¹³-моддаси — санитария қонунчилигини ёки эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш бўйича қўзғатилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 1 ноябрь куни гуруҳ иштирокчилари Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида нонушта қилган. Дастурхонга етарлича пиширилмаган тухум ва сосискалар тортилган. Шу куни 13 кишида қайт қилиш, ич кетиши, қорин оғриғи ва тана ҳарорати кўтарилиши аломатлари кузатилган.
Жабрланганлар тез тиббий ёрдам машиналарида Эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказига олиб борилган.
Айни пайтда Чилонзор тумани ички ишлар органи ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.