Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Саидкаххор Холхўжаев 19 октябрь куни Гонконг Хитой ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (CMA) президенти Винко Ло бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув «Янги Тошкент» дирекциясида бўлиб ўтди. Меҳмонларга Ўзбекистоннинг инвестициявий имкониятлари ва Янги Тошкент лойиҳалари тақдим этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Музокараларда Гонконгнинг саноат, савдо, молия ва замонавий технологиялар соҳаларида фаолият юритувчи етакчи компаниялари ҳамда молия институтлари вакиллари иштирок этди.
Делегация аъзоларига амалдаги солиқ ва божхона имтиёзлари, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган ишлаш шарт-шароитлари ҳақида маълумот берилди.
Янги Тошкент лойиҳаларига, жумладан, замонавий инфратузилма, тижорат объектлари ва хизмат кўрсатиш корхоналарини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, меҳмонларга эркин иқтисодий зоналарда ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш имкониятлари тақдим этилди.
Томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, илғор технологияларни жорий этиш ва қўшма корхоналар ташкил қилиш истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув якунида инвестиция ташаббусларини янада пухта ишлаб чиқишнинг кейинги йўналишлари белгилаб олинди.