Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонга цитрус меваларини экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган Хитой корхоналари ва боғлари рўйхати янгиланди.
2026 йил учун эълон қилинган қадоқлаш корхоналари рўйхатига Хитойнинг тўртта провинцияси ва автоном ҳудудидан 241 та компания киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.
Корхоналарнинг энг кўпи — 129 таси Цзянси провинциясида жойлашган. Улар Наньчан божхонаси тасарруфига киради. Уларнинг катта қисми Наньфэн уездида фаолият юритади.
Яна 99 та компания Фуцзянь провинциясининг Чжанчжоу шаҳар округида жойлашган. Уларнинг аксарияти Пинхэ уездида фаолият кўрсатади ва Сямэнь божхонаси назорати остида.
Рўйхатдан Синьцзян-Уйғур автоном ҳудудидаги 11 та корхона ҳам ўрин олган. Улар орасида Хоргос, Или-Қозоқ автоном округи ва Қашғар ҳудудларида жойлашган корхоналар бор. Чжэцзян провинциясининг Тайчжоу шаҳар округида эса иккита корхона фаолият юритади. Ҳар бир корхонага рўйхатдан ўтказиш рақами берилган.
Қўмита тушунтиришича, халқаро савдода цитрус мевалари фитосанитария назоратидан ўтказилади. Улар билан бирга бошқа мамлакат ҳудудига карантин аҳамиятига эга зарарли организмлар ҳам кириб келиши мумкин. Шу сабабли экспорт қилинадиган маҳсулотнинг келиб чиқишини, сараланиши ва қадоқланишини, шунингдек, фитосанитария талабларига мувофиқлигини назорат қилиш муҳим ҳисобланади.
Қўмита маълумотларига кўра, мазкур рўйхат импорт қилинадиган цитрус меваларининг фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш, карантин зараркунандаларининг тарқалишининг олдини олиш ва халқаро савдо шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Корхоналарнинг тўлиқ рўйхати қўмитанинг расмий веб-сайтида эълон қилинган.