Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов 22 октябрь куни Amway компанияси делегацияси билан учрашди. Делегацияга компаниянинг ғарбий бозорлар бўйича минтақавий президенти Эндрю Шмидт бошчилик қилди.
Томонлар озиқ-овқат маҳсулотлари ва биологик фаол қўшимчалар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, уларни тартибга солиш тизимини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Учрашувда хавф-хатарларни баҳолаш асосида давлат назоратини жорий этиш ҳамда озиқ-овқат бизнеси операторларига қўйиладиган талаблар ҳам кўриб чиқилди.
Маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш, маркировкалаш, лаборатория синовларидан ўтказиш ва сифатини назорат қилишда халқаро тажрибадан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилди.
Amway вакиллари маҳсулотлар хавфсизлиги, илмий тадқиқотлар, хомашё ва тайёр маҳсулотнинг кузатувчанлигини таъминлаш, лаборатория синовлари ҳамда сифат назорати соҳаларида ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканликларини билдирди.
Томонлар, шунингдек, истеъмолчилар саломатлигини ҳимоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва биологик фаол қўшимчалар муомаласини тартибга солиш ҳамда ушбу йўналишларда экспертлар мулоқотини давом эттириш масалаларини муҳокама қилди.
Amway компанияси 1959 йилда ташкил этилган бўлиб, 100 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудда фаолият юритади. Компания саломатлик ва фаровонлик учун мўлжалланган маҳсулотлар, озиқ-овқат қўшимчалари, косметика ҳамда маиший товарларни ишлаб чиқаради ва тарқатади.
Компаниянинг озиқ-овқат қўшимчалари сегментидаги асосий брендларидан бири витаминлар, минераллар ва бошқа биологик фаол қўшимчаларга ихтисослашган.
Компания маҳсулотлар таркибига кирувчи ўсимлик хомашёсининг келиб чиқиши, етиштирилиши ва қайта ишланишини кузатиб боради.
Ишлаб чиқариш ва сифат назорати амалдаги cGMP талабларига мувофиқ амалга оширилади. Айрим маҳсулотлар мустақил ташкилотларда синовдан ўтказилади ва сертификатланади.