7
Иқтисод

Микросаноат марказлари 7,5 мингта иш ўрни яратади

Микросаноат марказлари 7,5 мингта иш ўрни яратади
Микросаноат марказлари 7,5 мингта иш ўрни яратади / Фото: Сурат сунъий интеллекти томонидан яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2026 йилда 400 та маҳаллани қамраб оладиган 53 та микросаноат маркази рўйхати шакллантирилди. Уларда 7,5 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Марказлар маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ривожлантириш ва улар ўртасидаги кооперация алоқаларини кенгайтиришга хизмат қилиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Марказлар тикувчилик ва мебель ишлаб чиқариш, металлга ишлов бериш, шунингдек, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Лойиҳанинг ҳуқуқий асоси сифатида Президентнинг 2026 йил 5 февралдаги ПҚ-49-сон қарори қабул қилинган.

Биринчи босқичда марказлар учун муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуришга бюджетдан 75 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган. 53 та марказдан 18 таси бевосита микросаноат марказлари учун махсус ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Қолган 35 та марказни молиялаштириш бошқа манбалар, жумладан, «Янги Ўзбекистон қиёфаси» дастури ва драйвер лойиҳалари доирасида амалга оширилади.

Ҳозирда 18 та марказ учун электр энергияси, газ, ичимлик суви, канализация ва йўллар билан таъминлаш бўйича жами 31,9 млрд сўмлик объектлар рўйхати шакллантирилган.

Маблағларнинг энг катта қисми — 18 млрд сўм ёки 56,6 фоизи автомобиль йўллари ва тротуарлар қурилишига йўналтирилади. Электр тармоқлари учун 6,2 млрд сўм, сув таъминоти ва канализация тармоқлари учун 4,3 млрд сўм, газ тармоқлари учун эса 3,3 млрд сўм ажратилади.

Микросаноат марказларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш учун аллақачон 35 млрд сўм маблағ ажратилган. Саккизта ҳудуд маҳаллий кенгашларининг тегишли қарорларини тақдим этган.

Ушбу рўйхатдаги марказларнинг энг кўпи Наманган ва Қашқадарё вилоятларида ташкил этилади — ҳар бирида тўрттадан. Сирдарё вилоятида учта, Фарғона ва Жиззах вилоятларида иккитадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Хоразм вилоятларида эса биттадан марказ ташкил этилади.

Энг кўп маблағ Сирдарё вилоятига — 10,1 млрд сўм ажратилади. Наманган вилоятига 7,3 млрд сўм, Қашқадарё вилоятига эса 6,5 млрд сўм йўналтирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси учун 3,2 млрд сўм, Хоразм вилоятига 3,1 млрд сўм, Фарғона вилоятига 1,8 млрд сўм, Жиззах вилоятига 1,5 млрд сўм ва Андижон вилоятига 1,3 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.