7
Иқтисод

Ўзбекистон олтита энергетика лойиҳасига 4,7 миллиард доллар жалб қилади

Ўзбекистон олтита энергетика лойиҳасига 4,7 миллиард доллар жалб қилади
Ўзбекистон олтита энергетика лойиҳасига 4,7 миллиард доллар жалб қилади / Фото: Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика соҳасидаги инвесторлар билан очиқ мулоқот ўтказмоқда. Давлатимиз раҳбари энергетикани тараққиётнинг юраги деб атаб, барқарор энергия таъминоти тадбиркорлар сармояси ва одамларнинг эртанги кунга ишончи учун муҳимлигини таъкидлади.

Ўн йил аввал соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш, эскирган қувватларни янгилаш ва ўсиб бораётган талабни қоплаш вазифалари белгилаб олинган эди. Бунинг учун энергетика бозори хусусий сармояга очилди, давлат-хусусий шериклик механизмлари жорий этилди. Ўтган даврда соҳага 35 миллиард доллар инвестиция киритилди, ҳамкор давлатлар сони 2-3 тадан 10 тадан ортиққа етди.

Қуёш, шамол ва гидроэлектр станциялари ҳисобига қайта тикланувчи энергиянинг жами генерациядаги улуши 31 фоизга кўтарилди. «Яшил» қувватлар 11,1 гигаваттни ташкил этмоқда. Аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш 28 фоизга ошиб, 2 минг 300 киловатт-соатга етди.

Бугун умумий қиймати 4 миллиард 700 миллион долларлик 6 та йирик лойиҳа бўйича битимлар имзоланди. Улар доирасида 3 минг мегаватт генерация ва 400 мегаватт энергия сақлаш қуввати яратилади.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилларда энергетика лойиҳаларини тайёрлаш ва инвесторлар билан ишлаш бўйича катта тажриба тўпланганини қайд этди. Энди ҳамкорликнинг янги босқичига ўтилади: ҳар бир инвестиция янги қувват яратиш билан бирга таъминот ишончлилигини ошириши ва йўқотишларни камайтириши керак.

2030 йилгача 22 минг мегаватт янги қувват яратиш мақсад қилинган. Натижада электр энергияси ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 129 миллиард киловатт-соатдан ошади, қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етади.

Яқинда имзоланган фармон билан ёқилғи-энергетика соҳасида давлат ва бизнеснинг вазифалари аниқ ажратилди. Янги босқичда лойиҳалар очиқ рақобат, шаффоф қоидалар ва келишилган шартларнинг изчил бажарилиши асосида амалга оширилади.

Илк босқичда «яшил» қувватларни тез яратиш учун лойиҳалар кўпинча инвесторлар таклиф қилган ҳудудларда жойлаштирилди. Бу кўплаб сармоя жалб этиш имконини берди. Бироқ айрим жойларда қувватлар тўпланиб, электрни бошқа ҳудудларга етказиш харажатлари ошди.

– Бизга алоҳида-алоҳида электр станциялари эмас, узвий боғланган энергетика тизими керак, – деди Президентимиз.

Энди қайси ҳудудда қандай қувват зарурлиги олдиндан режалаштирилиб, тайёр лойиҳалар очиқ танловга чиқарилади.

Танловга қўйиладиган ҳар бир лойиҳа бўйича ер майдони, тармоққа уланиш нуқтаси ва муддати, электрни харид қилиш ҳамда тўлов шартлари аввалдан эълон қилинади. Барча инвесторлар учун талаблар тенг бўлади, тўлов интизоми ва хатарларни камайтириш механизмлари мустаҳкамланади.

Яқинда умумий қуввати 2 минг 200 мегаватт бўлган 6 та қуёш ва шамол станциясининг лойиҳаси очиқ танловга чиқарилади. Давлатимиз раҳбари инвесторларни уларда иштирок этишга таклиф қилди.

Биринчи марта энергетика соҳасининг 2050 йилгача бўлган Миллий бош режаси ишлаб чиқилиб, очиқ эълон қилинади. Келгуси йил 1 мартгача тармоқларга уланиш имкониятлари харитаси, 1 июлга қадар тўлиқ бош режа тақдим этилади.

Бу ҳужжатларда қайси ҳудудда электрга талаб ўсиши, қандай инфратузилма зарурлиги ва янги қувватлар қаерда самарали ишлаши кўрсатилади. Шу асосда инвесторлар ҳам ўз режаларини узоқ муддатга тузиши мумкин бўлади.

«Яшил» энергия ишлаб чиқарувчилар учун сертификатлар ва карбон кредитлардан қўшимча даромад олиш имконияти ҳам очилади. Улардан келадиган манфаатни давлат ва инвесторлар ўртасида адолатли тақсимлаш механизмлари жорий этилади. Мазкур жараёнда халқаро экологик мажбуриятлар ва амалдаги шартномалар тўлиқ ҳисобга олинади.

Президентимиз янги станциялар билан бирга электрни истеъмолчига етказиб берадиган тармоқларни ҳам ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Генерация, узатиш ва энергия сақлаш тизимлари ўзаро боғлиқ ҳолда ишлаши керак.

Ҳозир Фарғона, Андижон ва Наманганда талабнинг бир қисми бошқа ҳудудларда ишлаб чиқарилган электр ҳисобидан қопланмоқда. Янги саноат зоналари ва йирик корхоналарнинг ишга тушиши тармоқларга юкламани янада оширади.

Сунъий интеллект ва дата-марказлар электрга талаб тез ўсаётган йўналишлардан. Улар учун ер, тармоққа уланиш имконияти ва «яшил» энергия манбаи мавжуд майдонлар олдиндан белгиланади.

Ҳар бир йирик дата-марказда асосий ва захира электр таъминоти, энергия сақлаш ҳамда совитиш тизимлари биргаликда режалаштирилади. Сармоядорлардан электр ва сувдан самарали фойдаланадиган ечимлар кутилмоқда.

Сўнгги беш йилда электр тармоқларини модернизация қилишга 2 миллиард доллардан зиёд йўналтирилди. Навбатдаги катта вазифа тармоқларни янгилаш ва энергия сақлаш тизимларини ривожлантиришдир.

2030 йилгача 5 минг километр тармоқ ва 16 та йирик подстанция қуриш, энергия сақлаш қувватларини 4,5 гигаваттга етказиш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг катта қисми Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келади.

Бундан буён устуворлик генерация, сақлаш ва тармоқларни биргаликда қамраб оладиган комплекс лойиҳаларга берилади. Узоқ муддатли энергия сақлаш учун гидроаккумуляция станцияларини қуришда ҳам инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон энергетикада ички бозор билан чекланмайди. Озарбайжон ва Қозоғистон билан Каспий орқали «яшил» энергияни Европага етказиш лойиҳаси амалий босқичга ўтмоқда. Афғонистон ва Жанубий Осиё бозорлари ҳам истиқболли йўналишлар сифатида белгиланди.

Энергия сақлаш лойиҳалари учун қонунчиликда ер ва мол-мулк солиғи бўйича 10 йиллик имтиёзлар белгиланган. Уларни қўллашдаги турлича талқинларга барҳам бериш учун имтиёзлар аккумулятор ёки қуёш панели жойлашган майдон билан бирга зарур подстанция, бошқарув биноси ва ёрдамчи инфратузилмага ҳам тегишли экани Солиқ кодексида аниқ кўрсатилади.

Тақсимлаш тармоқларида хусусий сектор иштироки ҳам кенгайтирилади. Самарқандда бошланган ёндашувни Жиззах ва Тошкент вилоятларида давом эттириш режалаштирилган. Мақсад – электр йўқотишларини камайтириш ва истеъмолчиларга хизмат сифатини яхшилаш.

“Энг арзон энергия – тежалган энергия”,- деди Президентимиз. Ижтимоий соҳа объектлари ва сув хўжалигидаги насос станцияларини энергия тежамкор технологиялар асосида модернизация қилишга хусусий сармоя жалб этилади. Инвесторлар тежалган энергия ва карбон кредитлар ҳисобидан даромад олиши мумкин бўлади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон халқаро энергетика ҳамкорлигига ўз салоҳияти билан кириб бораётганини таъкидлади. Мамлакатимизда табиий ресурслар, саноат корхоналари, муҳандислар ва билимли ёшлар бор. Сармоя ва илғор технологиялар билан бирга бу имкониятлар кўпроқ қиймат яратиши мумкин.

«ЎЗ» ғоясининг иқтисодий мазмуни ҳам ўз салоҳиятимизни ривожлантириш, дунё билан тенг ҳамкорлик қилиш ва умумий келажак учун масъулият олишдан иборат.

Энергетика лойиҳаларида мис маҳсулотлари, кабель, трансформатор, металл конструкциялар ва қурилиш материалларига катта талаб бор. Президентимиз маҳаллий корхоналар сифат, нарх ва стандартлар бўйича рақобатлаша олишини қайд этди.

Хитойнинг “Чина Энергй” компанияси 8 та энергия сақлаш станцияси қурилишида қарийб 40 фоиз маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланди. Уларнинг қиймати 200 миллион долларга яқин бўлди. Ўтган йили эса энергетикадаги барча инвестиция лойиҳаларида маҳаллий товар ва хизматлар қиймати 740 миллион долларга етди.

Президентимиз ушбу кўрсаткични 3-4 баробар ошириш мумкинлигини таъкидлади. Саноат кооперацияси агентлиги ва маҳаллий уюшмалар инвесторларга зарур маҳсулотнинг сифати ва ҳажмини аниқлаб, уни етказиб беришда корхоналар билан ишлайди.

Ҳозир юқори кучланишли ускуналар, энергия сақлаш тизимларининг бошқарув модуллари ва шамол генераторлари бутловчи қисмлари катта ҳажмда импорт қилинмоқда. Уларни маҳаллийлаштириш бўйича 850 миллион долларлик 12 та истиқболли лойиҳа тайёрланган.

Жиззах вилояти Фориш туманида қурилаётган атом электр станциясига зарур янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида шу ерда солиқ ва божхона имтиёзларига эга махсус саноат зонаси ташкил этилади. Давлатимиз раҳбари инвесторларни бу лойиҳаларда ҳам ҳамкорликка чақирди.

Нефть-газ соҳасида геология-қидирув ишлари, конлар самарадорлигини ошириш ва хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади.

Ҳозир Озарбайжоннинг «SOCAR» ва Буюк Британиянинг “Бритиш Петролеум” компаниялари билан Устюрт минтақасидаги 6 та инвестиция блокида қидирув ишлари олиб борилмоқда. Хорижлик ҳамкорларга таклиф қилиш учун бошқа ҳудудларда яна 128 та блок тайёрланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларда 5 триллион 800 миллиард куб метр газ ва 560 миллион тонна суюқ углеводород ресурслари мавжуд. Ушбу имкониятларни ўзлаштиришда рақобат, шаффофлик ва иқтисодий самарадорлик асосий мезон бўлади.

Президентимиз газдан фақат электр олиш эмас, уни чуқур қайта ишлаб, кўпроқ қўшилган қиймат яратиш муҳимлигини таъкидлади. Қашқадарёдаги синтетик суюқ ёқилғи мажмуасида йилига 1,5 миллион тоннагача ёқилғи ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Бухоро вилоятида полиетилен, полипропилен ва ПEТ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган МТО лойиҳаси албатта амалга оширилиши қайд этилди. Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш ҳам кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари янги технологияларга таянган, экологик талабларга жавоб берадиган ва иқтисодий асосланган лойиҳалар бўйича инвесторларнинг таклифларини кутаётганини билдирди.

Мамлакатимизда 3 миллион 800 минг хонадон суюлтирилган газдан фойдаланади. Илгари давлат монополиясида бўлган мазкур таъминот тизимига босқичма-босқич бозор механизмлари жорий қилинмоқда.

Тадбиркорлар иштирокидаги пилот лойиҳа Андижон вилоятида бошланди. Келаси йил суюлтирилган газ етказиб бериш соҳасини республика бўйлаб хусусий секторга бериш мақсад қилинган.

Президентимиз бу жараёнда таъминот узлуксизлиги, хавфсизлик ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифати энг муҳим мезон бўлишини таъкидлади.

Янги энергия объектларининг самарали ишлаши малакали кадрларга боғлиқ. Саудия Арабистонининг «АСВА» компанияси Қорақалпоғистон, Бухоро ва Сирдарёдаги техникумларни жиҳозлаб, ҳар йили юзлаб ёшларни энергетиканинг янги йўналишларига ўқитишни бошламоқда.

Президентимиз бошқа инвесторларни ҳам ўз лойиҳалари учун халқаро талабларга мос мутахассислар тайёрлашда иштирок этишга чақирди. Бундай ташаббуслар учун инвесторларга жойлардаги техникумларни бошқарувга беришга тайёрлик билдирилди.

Келаси ўқув йилидан маҳаллий олийгоҳларда энергетика йўналишлари бўйича қабул квоталари оширилади. Дунёнинг етакчи университетларида ўқиш учун ҳар йили 50 нафар ёшга давлат гранти ажратилади.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.